Аллоҳ таоло айтади: “Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус, 57).

 Ушбу ояти карима Қуръони карим оятлари кофирларга эмас, балки, мўминларга шифо ва раҳмат бўлишини таъкидлайди. Яна бир оятда: (Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) шифодир. Имон келтирмайдиган кимсаларнинг қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур” (Фуссилат, 44), дейилган.

Қуръони карим оятлари шифо бўлиши учун мўмин қуйидаги нарсаларга амал қилиши керак:

1. Аллоҳ таоло ва Расулининг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча буйруқларини бажариш, қайтарганларидан қайтиш. Барча ибодатларни Аллоҳ учун холис қилиш. Шунда мўмин шайтон иғвосидан омонда бўлади. Қуръони каримда шайтоннинг бундай эътирофи келтирилади: ”Эй Раббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан. Магар улардан (ихлос берилиб) танланган бандаларингни (адаштира олмасман)” (Ҳижр, 39–40).

2. Фарз намозларни имкон борича жамоат билан масжидда, нафлларини эса уйда адо этиш.

3. “Истиоза”ни буюрилган барча ўринларда айтиш.

4. Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган дуоларни ўқиб юриш.

Улардан оиласи ва мол-мулкини сақлаш учун ривоят қилинган дуони ўқиш: Бақара сурасининг биринчи беш ояти, Оятал курсий, ундан кейинги икки оят ва сура охиридаги икки оятни ўқиб юриш. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кимда-ким ушбу ўн оятни ўқиса, ўзига ва оиласига шайтон ҳам, ёмон кўрган нарсаси ҳам яқинлашмайди. Агар мажнунга ўқилса, ўзига келади”, деб айтган. Шунингдек, паноҳ сўраш суралари ёки дуоларини ўқиб юриш керак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким Ихлос, Фалақ ва Нос сураларни эрта тонгда ёки кечқурун уч марта ўқиса, барча нарсадан ҳимояланган бўлади”.

5. Кўзни ҳаромдан тийиш. Бирор мусулмонга адоват, ҳасад, ғазаб ёки шаҳват назари билан қарамаслик.

6. Фойдасиз сўзларни гапиришдан тилни сақлаш, жанжаллашмаслик, уятсиз ва ҳақорат сўзларни айтмаслик. Шунингдек, ёлғон сўзламаслик, ғийбат, чақимчилик қилмаслик, аёли билан бўлган баъзи гапларни айтмаслик. Аллоҳдан бошқанинг номи билан қасам ичмаслик. Хўрозни, замонани, шамолни, иситма касалини сўкмаслик, бировга берган ҳадясини ёки ёрдамини миннат қилмаслик.

7. Судхўрлик, пора, фаҳш ишлар, етимнинг моли, шубҳали ва шариат ман этган нарсаларнинг озгинасидан ҳам сақланиш.

8. Фаржни ҳаромдан сақлаш.

9. Қуръони каримни кўп тиловат қилиш.

10. Тақдирга рози бўлиш.

11. Поклик мўминнинг қуроли бўлгани учун доимо таҳоратли юриш.

12. Дунёга берилиш, узун орзулар, очкўзлик, бахиллик, кибр, риё, фақат ўзим дейиш, яхши гумонда бўлмаслик, мусулмонни паст санаш, гуноҳларни арзимас билиш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш каби шайтон васвасаларидан сақланиш.

Қуръон билан даволанмоқчи бўлган кишининг имони кучли, Аллоҳ ва Унинг каломи ҳақида соф эътиқодда бўлиши шарт. Қуръон шифо деганига аниқ ишониши керак.

Бемор қодир бўлса, бошқалардан кўра, ўзига ўзи Қуръон ва дуоларни ўқиб дам солиши яхши. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам сура ва дуоларни ўқиб, кафтларига дам солардилар ва қўллари етган барча тана аъзоларини муборак кафтлари билан силардилар. Чунки инсонга энг таъсирли товуш ўзининг овозидир. Агар Қуръони каримни ўқишни билмаса ёки ўрганаётган бўлса, тажвид ва тартил билан ўқийдиган қорилардан бирини ихтиёр қилса бўлади.

Мўмин бўла туриб, Қуръоннинг шифо бўлишидан шубҳа қилган киши Аллоҳнинг шифо ва раҳматидан маҳрумдир. Бундай эътиқоддан сақланиш керак.

 

Муҳаммадзафар АҲМАДЖОНОВ,

Тошкентдаги “Юнусобод-Оқтепа” жомеи имом-хатиби