Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурига келиб: “Гуноҳ қилдим, гуноҳ қилдим”, деб икки ёки уч марта такрорлади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Эй Аллоҳ, мағфиратинг гуноҳларимдан устун, раҳматингдан умидворман, деб қайтар”, дедилар. У айтганларидек қилди. Сўнг Пайғамбаримиз (алайҳиссаллом): “Яна қайтар”, дедилар. У яна айтганларидек қилди. Кейин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўрнингдан тур. Аллоҳ таоло гуноҳларингни кечирди”, деб хушхабар бердилар (Имом Ҳоким).

Истиғфор Парвардигордан гуноҳларни кечиришини сидқидилдан сўрашдир. Чин кўнгилдан айтилган истиғфорнинг фазли буюк, савоби улуғ бўлади, унинг сабабидан Аллоҳ таоло хатоларни ўчиради ва гуноҳларни кечиради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўзига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110).

Одам Ато билан Ҳавво онамиз (алайҳимассалом) жаннатда гуноҳ қилиб қўйишгандан сўнг Аллоҳ таоло уларга раҳматидан ноумид бўлмаслик ва гуноҳ учун тавба қилиш кераклигини таълим берди. Биргина мана шу амал учун Парвардигор жаннатни ваъда қилмоқда. Абдуллоҳ ибн Буср (розияллоҳу анҳу) айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Амал дафтарида кўп истиғфори бўлган киши жаннатийдир” (Ибн Можа).

Истиғфор нафақат охират учун, балки дунёда бандаларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган барча қийинчиликлар ечими ҳамдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ғам-ташвиш ва танг аҳволдан чиқиш йўлини пайдо қилади ва ўйламаган тарафдан ризқлантириб қўяди”, дедилар (Абу Довуд). Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир мажлис охирида истиғфор айтар эканлар. Аллоҳ таолонинг неъмати янада зиёда бўлиши, ҳатто қувватимизга қувват қўшилиб, тўғри йўлдан адашмаслигимизга кўмак беради. Қуръони каримда Ҳуд (алайҳиссалом) қиссаларида бундай дейилади: “Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра унга тавба қилингиз, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетмангиз!” (Ҳуд, 52). Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Аллоҳ буюради), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур” (Ҳуд, 3). Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Баҳраманд қилур” иборасини умрини узайтиради, деб тафсир қилган.

Халқимизда “Аллоҳ ҳеч кимни фарзанддан қисмасин”, “Фарзанд билан мол-давлатнинг эрта-кечи йўқ” каби иборалар мавжуд. Истиғфорни кўп айтиш фарзанд ва мол-давлатни зиёда қилади. Аллоҳ ўз фазлу карамидан солиҳ фарзандлар беради. Ибн Собиҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бир киши Ҳасан Басрий ҳазратларига ерининг ҳосилсиз эканидан шикоят қилди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Аллоҳга истиғфор айт”, деди. Бошқа бир киши фақирликдан шикоят қилди. Унга ҳам: “Аллоҳга истиғфор айт”, деди. Яна бир киши: “Аллоҳга дуо қилинг, менга фарзанд берсин”, деб мурожаат қилди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Аллоҳга истиғфор айт”, деди. Бошқа бир киши боғи қуриб бораётганидан шикоят қилди. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) унга ҳам: “Аллоҳга истиғфор айт”, деди. Шунда биз: “Нега барчага бир хил жавоб бердингиз?” деб сўрадик. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мен бу гапларни ўзимдан гапирмадим”, деди ва Нуҳ сурасининг 10 – 11 – 12-оятларини тиловат қилди: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғ (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни ато қилур”.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (алайҳиссалом) дедилар: “Иблис айтди: “Улуғлигингга ва иззатингга қасам, модомики одам фарзандларининг руҳи жасадида экан, мен уларни йўлдан оздиравераман”. Аллоҳ таоло деди: “Иззатим ва Буюклигимга қасам, модомики улар Менга истиғфор айтар экан, Мен уларнинг гуноҳларини кечиравераман” (Имом Аҳмад ва Ҳоким). Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг ва буюкдир. Дунё – охират экинзори. Аллоҳ таоло: “Мен тавба қилган ҳамда имон келтириб, эзгу иш қилган, сўнгра тўғри юрган кишиларни, албатта, мағфират қилувчидирман” (Тоҳа, 82).

Истиғфор айтишга шошилайлик.

 

Саид Маҳмуднинг  “Исломий ахлоқлар” китоби асосида Наргиза МУҲИДДИН қизи тайёрлади.