Алоуддин КОСОНИЙ

Таҳоратдаги учинчи фарз бошга бир марта масҳ тортишдир.

Аллоҳ таоло: “...бошларингизга масҳ тортингиз…”(Моида, 6) деб буюради. Бу буйруқ такрорни тақозо қилмайди, шунинг учун бир марта масҳ тортиш фарздир.

Масҳнинг фарз бўлган миқдори хусусида уламоларимиз ўртасида турли фикрлар бор. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг ҳанафий уламолар истилоҳида “Асл” деб номланган “Мабсут” китобида, масҳ қилинадиган жой учта бармоқ миқдоридир, дейилган. Яъни, бошга масҳ қўл бармоқларининг учтаси билан тортилса, масҳнинг фарзи бажарилган бўлади.

Ҳасан ибн Зиёд ривоят қилишича, Абу Ҳанифа бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш керак, деб белгилаган. Имом Зуфар ҳам Абу Ҳанифанинг шу гапига қўшилади. Мазҳабимиз уламоларидан Кархий ва Тоҳовий эса, пешона миқдорида масҳ қилиш керак, дейдилар. Яъни, уларнинг айтишига кўра, ҳар бир инсоннинг пешонаси қанча кенгликда бўлса, бошининг ўшанча жойига масҳ тортиши керак, шунда масҳнинг фарзини адо қилган бўлади.

Имом Абу Ҳанифанинг масала бобида нақадар моҳирлиги, оят, ҳадиснинг ич-ичига кириб тушуниши қуйидаги мисолда яққол кўринади. “Бошларингизни силанглар” деган сўзлар “Нима билан силаймиз?” деган саволни тақозо қилади. Ўз-ўзидан маълум, қўл билан силаймиз. Унда ҳам бутун қўл билан эмас, балки унинг бармоқлари билан силаймиз. Қўл панжаси беш бармоқдан иборат. Бешнинг ярмидан кўпи учдир. Юқорида айтилган: уч бармоқ миқдорида силаш билан масҳнинг фарзи адо бўлади, деган гапнинг асоси шудир.

Диққат қилинса, бу ерда Имоми Аъзам ҳеч ким эътиборини қаратмаган томонга – масҳ тортиладиган миқдорнинг бармоқларга боғлиқлигини зийраклик билан топиб эслатяптилар.

Бошига бармоқларидан учтасини қўйди-ю, тортмади. Учта нам бармоқ бор бўйи билан бошга тегди. Бу ҳолатда бош учта бармоқ билан силанса, масҳнинг фарзи бажарилган бўлади, деган “Мабсут”дан келтирилган ривоятга кўра, масҳ жоиз бўлади. Аммо “пешона миқдорида масҳ тортиш” ёки “бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш” деган ривоятларга кўра, уч бармоқни бошга қўйиб олса, бу масҳга ўтмайди. Чунки уч бармоқ ўрни бошнинг тўртдан бир миқдорига етмайди. Аммо бу ерда билиб қўйиш муҳим бўлган бир нуқта бор. Одатда, икки қўлимиз билан масҳ тортамиз. Ҳар қўлимизнинг учтадан бармоғини бошга қўйсак, олтита бармоқни қўйган бўламиз. Бу ҳолда масҳ адо этилган бўлади. Чунки олтита бармоқ бошнинг тўртдан бир қисмини аниқ эгаллайди.

Масҳ тортишда сочнинг тагига сув етказиш фарз эмас. Чунки бунда қийинчилик бор. Шариатимиз ҳеч бир ҳукмда бандаларни қийнамайди. Қолаверса, Қуръони каримда сочларингизга масҳ тортинглар, дейилмади, балки бошларингизга масҳ тортинглар, дейилди.

Сочга масҳ тортиш бошга масҳ тортишнинг ўрнига ўтаверади. Энди бир кишининг сочи узун бўлиб, елкасидан ҳам пастга тушиб турса, шу одам сочига масҳ тортса, нима бўлади? Бу одам қулоғидан тепа қисмдаги сочига масҳ тортса, жоиз, чунки қулоқдан юқоридаги сочга бошнинг ҳукми берилади. Агар сочининг қулоқдан пастга осилиб турган қисмига масҳ тортса, жоиз эмас, чунки бу қисм бўйин ҳисобланганидан бўйинга масҳ тортган бўлиб қолади. Бу ҳукм аёлларга ҳам тегишлидир.

Саллага, қалпоққа, дўппига масҳ тортиб бўлмайди. Чунки булар сочга сув етишидан тўсади. Шунинг учун дуруст эмас. Аёл киши таҳорат олаётиб, рўмолига масҳ тортиши ҳам жоиз эмас. Ойша таҳорат қилаётиб, қўлларини рўмолларининг остига киритиб бошларига масҳ тортдилар ва: “Расулуллоҳ менга шуни буюрганлар”, дедилар. Яъни, Расули акрам рўмолнинг устидан масҳ тортмасликка буюрганлар. Лекин агар ўша рўмол жуда юпқа бўлиб, ҳўллаб, устига қўйилган қўл нами сочга бемалол ўтса, бу ҳолда жоиз. Чунки унда сочга нам ўтиб, масҳ собит бўлади, худди бошнинг масҳ фарз бўлган миқдордаги қисмига ёмғир тушса бош масҳ қилинган бўлгани каби. Бу ҳолатда бошни силаш ё силамаслик эътиборга олинмайди, сув тегдими, масҳ амалга ошган бўлади. Чунки бу вазиятда феъл эмас, балки сочга сув етиши мақсад қилинган.

 

Оёқларни ювиш

Таҳоратдаги тўртинчи фарз оёқларни бир марта ювишдир. Аллоҳ таоло: “...оёқларингизни ошиқларигача (ювингиз!)” (Моида, 6) деб буюрган. Оёқларни тўпиғигача, тўпиқларини ҳам қўшиб ювиш буюрилган. Оятдаги “” лафзи икки хил ўқилади. Жумҳур (аксар) қорилар уни: “оёқларингизни ҳам ювинглар” деган маънода “” (аржулакум) деб ўқийди. Айрим қорилар “ва аржуликум” деб ўқийди. Унда “оёқларингизга масҳ тортинглар” деган мазмун чиқади. Китоб мусаннифи ушбу иккала ҳолатни батафсил ва холис тушунтириб берган.

Демак, “аржулакум”даги биринчи “лом” (“л” ҳарфи) фатҳа билан ҳаракатланиб, тушум келишигида бўлади. Шунда бу сўз оят бошида келган “” (“юзларингизни ва қўлларингизни...”) деган калималарга атф (“ва” боғловчиси орқали уюшиб келган) ҳисобланади ва оят маъноси бундай тушунилади: “...юзларингизни ювинглар, қўлларингизни тирсакларингизгача ва оёқларингизни тўпиқларингизгача ювинглар ва бошларингизга масҳ тортинглар”.

“Оёқларингизни ювинглар” деган буйруқ мутлақ бўлгани учун такрорни тақозо қилмайди ва бундан “оёқларни бир марта ювинглар” деган маъно чиқади, шуни бажариш билан фарз адо бўлади. Демак, оёқни бир марта ювиш фарз экан. Уч марта ювиш эса Пайғамбаримизнинг суннатлари бўлиб, унга риоя қилсак, бу амалнинг фарзини ҳам, суннатини ҳам бажарган бўламиз.

“Рофиза”лар, “оёққа масҳ тортиш фарздир”, дейишади. “Рофиза” – тарк қилиб чиқувчи деганидир. Маҳсига, этикка масҳ тортувчи аҳли сунна вал жамоа вакилларидан фарқли равишда, у тоифага мансуб кишилар таҳорат қилаётганида пойабзалини, пайпоғини ечганлари ҳолда, оёқларини ювмасдан, уларга масҳ тортишади. Чунки, оятдаги ўша сўзни улар “ва аржуликум” деб ўқишлари боис: “бошларингизга ва оёқларингизга масҳ тортинглар” деган мазмун чиқаришади.

Шайх Алоуддин МАНСУР таржимаси

Таржимон изоҳи:

Ҳанафий мазҳаби бўйича кўп китоблар таълиф этилган. Шундай асарлардан бири “Мухтасарул виқоя” китобидир. Ўз номи билан мухтасар, ихчам, ёдлаш учун қулай услубда ёзилган бу китоб муаллифи “Тожуш шариъа” деб улуғланган олим Убайдуллоҳ ибн Масъуддир. Халқ орасида “Мухтасар” номи билан машҳур бу китобда ҳанафий фиқҳи бўйича зарур масалаларнинг барчасига жавоб берилган. Аммо унда ҳукмларнинг далиллари келтирилмаган, ихтилофлар айтилмаган. У зот билишимиз, қилишимиз зарур бўлган ишларнигина айтганлар. Баъзилар “далиллари собит эмас” деган иддао билан бу китобни тан олишмайди. Аслида, “Мухтасарул виқоя”даги ҳар бир фиқҳий масала замирида Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан далил-ҳужжатлар бор. Лекин мусулмонлар оммасига эсда тутиш ва амал қилиш осон бўлсин учун масаланинг мағзи, хулосаси айтиб қўйилган. Балки шу мақсадда унга бошқа мазҳаб масалалари киритилмагандир.

Ўрганаётганимиз “Бадоеус саноеъ...” эса бошқа фиқҳий китоблардан фарқли равишда, мукаммал ва жуда муфассал асардир. Унда ҳар бир масаланинг далили изчил текширилади, ихтилофли масалаларнинг сабаблари изланиб, улар тўла ва атрофлича ўрганилади. Албатта, ҳанафий мазҳабимиз далиллари баробарида суннийлик ичидаги бошқа мазҳаб далиллари ҳам келтирилади. Бу ниҳоятда инсофли ва ўзига ишонган одамгина қиладиган ишдир. Биз ушбу китоб мутолааси орқали масалаларни тушунишда сунний мазҳаблар ўртасида фарқлар бўлишини, ҳар бир мазҳабнинг муайян бир масалада ўз далили борлигини, ҳар қайси мазҳаб вакили ўз уламоларига, мазҳаб раҳбарларига эргашиб, ўша далилни қабул қилганини, демак, уларнинг ҳам аҳли сунна ва жамоадан эканини билиб оламиз. Чунки бу мазҳаблар бир-бирини қўллаб-қувватлаган, бир-бири билан иттифоқ бўлган, бир-бирига устоз-шогирдлик қилиб келган уламоларнинг йўлларидир.

_______________________________

* Давоми, бошланиши ўтган сонларда.