Аллоҳ таоло бундай дейди: «Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда ўзи­нгизга зулм қилмангиз!..» (Тавба, 36). Фатҳул Борий китобида Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган кунида ушбу ойларни ҳам яратиб, уларга маълум номларни бергани айтилади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Бир йилда ўн икки ой бор. Улардан тўрттаси муқаддасдир. Учтаси кетма-кет келади: Зулқада, Зулҳижжа ва Муҳаррам. Ражаб эса Жумадас-соний ва Шаввол ойларининг ўртасида келади” (Имом Бухорий).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадина кўчаларидан ўта туриб яҳудийларнинг Ашуро, яъни, Муҳаррамнинг ўнинчи кунида рўза тутаётганларининг гувоҳи бўлдилар. Улар бу кунда Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом) ва қавмини  қутқариб, Фиръавн ва лашкарини денгизда чўктирган, деб ушбу кунни Аллоҳга шукроналик сифатида улуғлаб рўза тутишларини билдиришди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳис­салом): “Мен Мусога (алайҳиссалом) улардан кўра ҳақлироқман” (Имом Бухорий), деб шу кунда мусулмонларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

Ушбу ҳадисдан Муҳаррам ойининг ўнинчи Ашуро кунида рўза тутиш суннат амал экани маълум бўлмоқда. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу куннинг фазилатини биз умматларига баён қилиб: “Аллоҳ таоло Ашуро куни рўзасини тутган банданинг ўтган йилда қилган барча гуноҳларини кечиради” (Имом Муслим), деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, бу ойда қилинган ёмон ишларнинг гуноҳи оғир ҳисобланиб, яхши амалларга эса кўп савоб берилади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аллоҳ таоло бизга бундай деган: “Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!..” (Тавба, 36). Ке­йин эса ушбу тўрт ойни муқаддас қилиб берди. Шундай қилиб, бу ойда қилинган яхши амалнинг мукофоти ҳам, ёмон ишнинг гуноҳи ҳам каттароқдир”.

Ушбу ойда Ашуро кунидан бошқа кунларда ҳам нафл рўза тутиш фазилатлидир. Абу Ҳурайранинг (розияллоҳу анҳу) ривоятида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Рамазондан кейин тутилган энг яхши рўза Муҳаррамда тутилганидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим). Аллоҳ таоло муқаддас деб айтган ушбу ойларни улуғлаб, унда яхши амалларни кўпайтириб, нафл рўзалар тутган кишилар қандай ҳам яхши. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара, 215).

Раъно АЪЗАМЖОН тайёрлади.