Халқимиз табиатан дуогўй. Маросим ва таъзияларни қўя турайлик, ҳатто икки киши учрашиб қолса ҳам, саломдан кейин албатта, бир-бирини дуо қилади. Халқимиз хоҳ ибодатларда бўлсин, хоҳ маросимларда бўлсин эл фаровонлиги, Ватан тараққиёти ва юртимизда тинчлик-осойишталик бўлиши сўраб дуо қилади. “Кўпники кўл бўлади”, дейишади-ку, ахир.

Дуо қалбни Аллоҳ таолога боғлайдиган улуғ ибодатлардан биридир.

Аллоҳ таоло дуо қилишни буюрган ва дуони ижобат этишни ваъда қилган:

“Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60).

“Сиздан (эй Муҳаммад,) бандаларим Мен ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...” (Бақара, 186).

“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмас” (Аъроф, 55).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир банда Аллоҳ таолодан сўрамаса, Аллоҳ таоло у бандадан ғазабланади”, деб огоҳлантирганлар. Чунки дуо қилмаслик, ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрамаслик такаббурлик, манманлик, ғофиллик ва жоҳиллик аломатларидан биридир. Аллоҳ таоло такаббурларни, золимларни ва фосиқларни севмайди. Банда зарурат ва ҳожат онида Аллоҳ таолога дуо қилса, иши ва ҳожати битгач, Аллоҳ таолони унутса, бу ҳам жоҳилликдан нишонадир. Ҳақиқий мўмин банда ҳар замон, ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолони ёдда тутади ва Аллоҳ таолога доимо дуо ва ёлворишда бўлади.

Қайси тилда дуо қилинса ҳам бўлаверади. Лекин талаффузини ўрнига қўйиб ва маъносини билган ҳолда, араб тилида дуо қилиш афзалдир.

Бирор ҳожат ва муаммо бўлганида дуо қилиб, фақат дуонинг натижасини кутиб ўтириш суннатга хилофдир. Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шифо ё сафардан соғ-омон қайтиб келишни сўраб дуо қилардилар, шу билан бирга шифонинг ҳам, сафарнинг ҳам барча тадоригини кўрар, муаммо бўлса, уни ҳал этиш чораларини излар эдилар.

Инсон ўзининг ожизлигини ва заифлигини ҳис қилган ҳолда дуо қилиши, Аллоҳ таолонинг меҳрибон ва марҳаматли эканини билиши ва Унинг лутфидан умид қилиши лозим. Дуо қилаётганида тилида бошқа гап ва хаёлида бошқа гап бўлмаслиги керак. Банда бутун вужуди ва қалби билан дуо қилиши лозим.

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп такрорлайдиган дуолари ушбу ояти карима бўлган:

“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” (Бақара, 201).

Луқманинг пок бўлиши дуонинг ижобат бўлиш шартларидандир. Луқма ҳаром бўлса, дуо ижобат бўлмайди. Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтганларидек: “Дарвешларнинг халқи мурдор, ўтмас дуо...”

Ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг дуоси ижобат бўлади. Ҳадисларда дуоси мутлақо ижобат бўладиган кишилар зикр этилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Уч кишининг дуоси шубҳасиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси”».

Киши хоҳлаган пайтда дуо қилиши мумкин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрадилар: “Уч ерда қилинган дуо рад этилмайди: кишининг Аллоҳдан бошқа кўрмайдиган ерда қилган дуоси; душман қаршисида туриб қилинган дуо; тун ярмида туриб қилинган дуо”.

Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) охирги нафасда имон билан кетишни сўраб, кўп-кўп дуо-илтижо қилишни буюрганлар. Чунки муборак ҳадисларда сўнгги нафасда калима қайтариб, имон билан жон берган кишининг жаннатга кириши башорат қилинган. Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларида шунга ишора қилиб ёзганлар:

Дуога ёри берса ҳар мусулмон,

Ўлар вақтида элтгай нури имон.

Суннатга мувофиқ дуо қилиш лозим. Умар (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуога икки қўлларини кўтарсалар, уларни албатта юзларига суртар эдилар”. Булар дуонинг суннат ва одобларидандир: қиблага қараб, икки қўлини кўкрак тўғрисига кўтариб, икки кичик бирмоғи учларининг ёнини бир-бирига теккизиб, кафтининг ичини ўзига қаратиб дуо қилиш; дуони бошлашда ҳамду сано ва салавот айтиш; ихлос ва собитлик билан, ижобат бўлишидан умид қилган ҳолда дуо қилиш; дуони уч марта такрорлаш; паст овоз билан, ёлвориб ва илтижо қилиб дуо қилиш; дуодан сўнг “омин” дейиш; бировни дуо қилаётганда аввало ўзидан бошлаш (Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилар эдилар); ўзи ва бошқалар ҳақига ёмон дуо қилмаслик, тавба қилган ҳолда, жамловчи (дунё ва охират саодатига далолат қиладиган) сўзлар билан дуо қилиш лозим.

Дуонинг хислати ва фазилати кўп. Шу боис дуонинг шарти ва одобларига риоя қилган ҳолда ўзимиз учун, фарзандларимиз ва ўтган аждодларимиз учун, эл-юрт фаровонлиги, дунё тинчлиги ва Ҳазрат Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) умматига Аллоҳдан раҳмат ва офият тилаб хайрли дуоларда бўлишимиз мўминлик бурчимиздир.

Илоҳо, халқимизнинг хайрли дуолари ижобат бўлсин, нурли орзулари амалга ошсин!

Сайфиддин САЙФУЛЛОҲ,

филология фанлари номзоди