Динимиз том маънода енгил, ҳукмлари осон диндир. Мана биргина мисол: таҳорат қилган киши ҳар сафар оёқларини ювадиган бўлса, зах ўтиши мумкин. Шу боис тўлиқ таҳорат қилиб, оёқларига маҳси кийиб олган киши унга масҳ тортса, оёқларини ювган ўрнига ўтади.

Маҳсига масҳ тортиш ҳақида 80 дан ортиқ ҳадислар ривоят қилинган ва мутавотир даражасига етган. Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деганлар: “Мен маҳсига масҳ тортишни у ҳақда етиб келган далиллар менга кундай равшан бўлмагунича жоиз демаганман”.

Муғийра ибн Шуъбадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Мен сафарда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдим. Мен у зотнинг маҳсиларини ечиб қўйиш учун энгашдим: “Қўй, ечмагин, мен уларни таҳоратли оёқларимга кийганман”, дедилар ва икки маҳсиларининг устига масҳ тортдилар”.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) дедилар: “Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маҳсиларининг устига масҳ тортаётган ҳолларида кўрдим”.

Масҳ оёқ учидан тўпиққа қараб тортилади. Бунда қўл бармоқлари учидан сув томиб туриши керак. Кафт ва бармоқлар маҳсининг устига босилиб, сўнг тортилади.

Масҳнинг муддати муқим учун бир кеча-кундуз, мусофир учун уч кеча-кундуздир. Масҳнинг муддати маҳсини кийган пайтдан эмас, балки таҳорати синган пайтдан бош­ланади.

Маҳси йиртилса ва у оёқнинг уч кичик бармоқлари сиғадиган даражада катта бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди. Агар бир маҳсининг уч-тўрт жойида бир бармоқ ёки ундан каттароқ йиртиқ ё тешикчалар бўлса, уларни жамлаганда, оёқнинг уч кичик бармоғи сиғса ҳам, унга масҳ тортиш мумкин эмас. Юрганимизда ё оёқ кийимни ечаётганимизда товон маҳсининг қўнжига чиқса, таҳорат синади. Бундай пайтда таҳоратли одам оёқларининг ўзинигина ювиб, сўнг маҳсини кийиб олса ҳам бўлади.

Пайпоқларга, улар нимадан тўқилган бўлишидан қатъи назар, масҳ тортиш мумкин эмас. Баъзилар пайпоқ жаврабдир, дейишиб, бу сўзлари билан ўзларини ва ўзгаларни ҳам адаштиришади.

Луғатларда жаврабга берилган таъриф ва уламолар унинг сифатига қўйган талаб­лар бугун кийиб юрганимиз оддий пайпоқларга ҳеч тўғри келмайди. Ибодат масалаларида эҳтиёт бўлишимиз лозим. Нажот шундадир.

 

Ҳуснигул ҲАЛИМОВА,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар Ислом ўрта махсус билим юрти мударрисаси