Ҳамд шукр, розилик, ҳаққини адо этиш, мукаммал мақтов маъноларини англатади.

Ҳамдга фақат Аллоҳ таоло лойиқдир. Аллоҳ таолодан ўзгага ҳамд айтилмайди.Аллоҳга ҳамд айтиш (“Алҳамдулиллаҳ” дейиш) Уни улуғлаш, Унинг ҳисобсиз неъматларига шукр этишдир.

Журжоний ҳамдни қуйидаги турларга ажратган:

Қавлий ҳамд – Аллоҳ таолога, пайғамбарлари тилидан Ўзига айтган сано ва ҳамдларни тили билан айтишдир.

Феълий ҳамд – Аллоҳ розилиги учун бадан билан солиҳ амал қилишдир.

Ҳолий ҳамд – қалб ва руҳга муносиб тарзда илмий, ахлоқий жиҳатлардан юксалишдир.

Ҳамд айтиш ҳукмлари

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Алҳамдулиллаҳ”сиз бошланган ҳар бир эътиборга молик иш баракасиздир” (Ҳасан ҳадис, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган).

Ҳамд айтиш мандуб бўлган ўринлар жуда кўпдир.

Фақиҳлар ҳар қандай эътиборга молик ишни бошлашдан олдин Аллоҳ таолога ҳамд айтишнинг мандублигига иттифоқ қилишган. Ибн Обидин: “Ҳамд намозда (Фотиҳа сурасини ўқиш) вожиб, хутбаларда, дуодан олдин, овқатдан кейин суннат, сабабсиз мубоҳ. Ифлос жойларда макруҳ. Ҳаромни егандан кейин ҳаромдир”, деган.

Имом Нававий айтади: “Банда бирор неъматга эришса ёки ундан бирор мусибат, бало ариса, Аллоҳ таолога ҳамд айтиши мустаҳабдир”.

Ҳамд қандай айтилади?

Ҳамднинг афзал лафзи “Алҳамду лиллаҳи Раббил оламин”дир.

Имом Нававийнинг нақл қилишича, мажомиъул ҳамд (Йиғноқ ҳамд) “Алҳамду лиллаҳи ҳамдан ювафи неъамаҳу ва юкафиу мазидаҳу” (Маъноси: Аллоҳга неъматларига лойиқ ва яна зиёда қилиб берганига ҳам етарли ҳамд бўлсин) ёки “Раббана лакал ҳамду кама янбағи лижалоли важҳика ва лиъазими султоника” (Маъноси: Раббимиз, Сенга, Зотинг улуғлиги, салтанатинг буюклигига муносиб ҳамд бўлсин) ёки “Раббана лакал ҳамду ҳатта тарзо” (Маъноси: Раббимиз, Сенга Ўзинг рози бўлгунингча ҳамд бўлсин)дир.

Жамшид ШОДИЕВ

тайёрлади.