Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "(Мушриклар): "Бу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди", дейишди" (Зухруф, 31).

Икки шаҳар деганда Макка ва Тоиф назарда тутилган. Мушрикларнинг жоҳилий ўлчовлари бўйича молу дунёси кўп, мансаби ва ҳукми бор одам "улуғ киши" деб эътироф этиларди. Пайғамбар бўлишга ана шунақа одам лойиқ гўё. Ўша пайтда мушрикларнинг бу мақомга номзодлари ҳам бор эди. Маккада Валид ибн Муғира, Тоифда Урва ибн Масъуд Сақафий исмли зодагонлар бўлиб, мушриклар пайғамбар бўлса, шулардан бири бўларди, деган фикрда эди. Шунинг учун улар: "Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган етим, камбағал ва ҳеч бир мансаб эгаси бўлмаган кишига эмас, балки Валидга ва Урвага тушган бўларди", дейишган. Ҳолбуки, пайғамбарлик мақомига Муҳаммад (алайҳиссалом) бошқалардан кўра лойиқроқ; олий насаблари пок, ўзлари ҳалол, тўғрисўз инсон эдилар.

* * *

Рим императори Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) насаблари ҳақида сўраганида, Абу Суфён: "У ичимизда аслзодадир", деб жавоб берган эди. Шунда Ҳирақл: "Мен сендан унинг насаби ҳақида сўрадим, сен унинг ичингизда насл-насаби буюк эканини айтдинг. Пайғамбарлар ўз қавмининг асл­зодаси бўлишади", деди.

* * *

Бир куни Аббос ибн Абдулмутталиб (розийаллоҳу анҳу) кофирларнинг Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида ёмон гапларини эшитиб қолади ва ғазабланган ҳолда у зотнинг ҳузурларига келади. (Воқеани эшитган) Пайғамбаримиз (насабларини баён қилиш мақсадида) минбарга чиқиб: "Мен кимман?" деб сўрадилар. Саҳобалар: "Сиз Аллоҳнинг элчисисиз", дейишди. Пайғамбаримиз: "Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман (яъни, сизлар ота-боболаримни яхши биласизлар). Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни (яъни, жин ва инсонларни) яратди. Мени уларнинг яхшилари (бўлган мукаррам инсонлар) ичида қилди. Сўнгра у (инсон)ларни икки гуруҳ (араб ва ажам)га бўлди. Мени энг яхши гуруҳ (араблар) ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени энг яхши қабила бўлмиш Қурайш ичида қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени энг яхши хонадон бўлган Бани Ҳошим ичида қилди. Мен жон (яъни, зот ва руҳ) жиҳатидан ҳам, хонадон ва пок насаб жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшиси бўлдим (зеро, Аллоҳ мени охирзамон пайғамбари этди)", дедилар.

 

Абдуазим ЗИЁВУДДИН ўғли