Истиоза луғатда “илтижо”, маъносидадир. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, Ундан лаънатланган шайтоннинг ёмонлигидан асрашини сўраш, яъни “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” (“Ё Аллоҳ, лаънатланган шайтондан мени асрагин!”) дейишдир.

Уламолар иттифоқига кўра Қуръони каримни ўқимоқчи бўлган киши истиозани айтиши керак. Қуръон тиловати олдидан истиозани айтиш вожиб ёки мандуб эканида ихтилоф бор. Жумҳур уламолар наздида Қуръони каримдан бир оят ёки бир сура ўқимоқчи бўлган киши истиозани айтиши мустаҳаб. Шунга кўра, агар унутиб ёки қасддан айтмаса, гуноҳкор бўлмайди. Вожиб деган уламолар наздида эса қасддан айтмаса, гуноҳкор бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: “Қачон Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўранг!(Наҳл, 98). Чунки банда яхши ишга қўл урганида шайтон васваса қилишни бошлайди. “Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди(Моида, 91). Қуръон тиловати Аллоҳ таолонинг зикридир. Банда Қуръон тиловатига киришганида шайтон ҳар томонидан келиб, уни адаштиришга ва эринчоқлик қилишга ундайди. Шайтон кечаю кундуз бандаларни тўғри йўлдан чалғитишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам шайтондан паноҳ тилаш керак.

Қуръони карим қироатини бошлашда истиозани жаҳрий-овоз чиқариб ёки ичида – овоз чиқармай айтиш мумкин.

Овоз чиқариб ўқимоқчи бўлган қори олдида бошқа тингловчилар ҳам бўлса, бу ҳолатда истиозани овоз чиқариб айтади.

Қуръон ўқиш ёки ўрганиш учун тўпланганлар ўртасида қироатни бошлаган киши истиозани овоз чиқариб айтади. Қолганлар эса ичида айтади.

Истиозани овоз чиқармай-ичида айтишнинг мандуб ўрни:

Қироат қилувчи овоз чиқармай-ичида қироат қилганида.

Қироат қилувчи овоз чиқариб ўқиса ва унинг ёнида эшитувчилар бўлмаса.

Қуръон тиловати ёки таълими учун тўпланиб навбатма-навбат ўқилганда бошловчи истиозани овоз чиқариб айтади, қолганлар эса ичида айтади.

Қироат қилаётганида аксириш ёки йўталиш ёки қироатга тааллуқли гап бўлиб қолса, истиозани қайта айтмайди. Агар қироатга тааллуқли бўлмаган гаплар ёки саломга алик олиш ёки қироат қилишдан эриниб тўхташ бўлса, бу ҳолатда қироатни қайта бошлашдан олдин истиозани айтади.

Фарз, нафл, жаҳрий-овоз чиқариб ёки сиррий-овоз чиқармай ўқиладиган намозларнинг барчасида, имомга ва ёлғиз намоз ўқиётган кишига истиозани овоз чиқармай-ичида айтиши суннат.

Нилуфар ОТАХОНОВА,

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси