“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”ни айтиш ё ёзиш “Басмала” дейилади.

Аллоҳ таоло Ҳабиби – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га барча ишларни Ўзининг Раҳмон ва Раҳим исмларини ёд этиш билан бошлашни таълим берди, “Басмала”ни у зотнинг умматларига суннат қилди.

“Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” дейиш “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман” дейишдир.

Фақиҳлар “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” Қуръони карим Намл сурасининг 30-оятидан эканига иттифоқ қилишган. «Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактубда): “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар Менга катталик қилмай ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!” (деб ёзилган)» (Намл, 30–31).

Намозда “Бисмиллоҳ”ни ҳар ракатда Фотиҳа сурасидан олдин махфий ўқиш имом ва ёлғиз ўқувчи кишига суннатдир.

Шунингдек, таҳорат ва таяммумни бошлашда, овқатланиш олдидан “Бисмиллоҳ”ни айтиш суннатдир.

Ҳайвон сўйишдан олдин, ҳайвонни овлаш учун ўқ отишдан олдин ва ов итини қўйиб юборишдан олдин “Бисмиллоҳ Аллоҳу акбар”, дейиш вожибдир.

Бундан ташқари, ҳар бир эътиборга молик иш “Бисмиллоҳ” билан бошланиши керак. Уловга миниш, уйга, масжидга кириш ва чиқиш, чироқни ёқиш, ўчириш, қўшилиш ва ухлаш олдидан, идишлар устини ёпишда, қўлни оғриган жойга қўйганда “Бисмиллоҳ” айтиш машруъдир.

Ҳайзли ва нифосдаги аёллар ҳамда жунуб бўлган кишилар “Бисмиллоҳ”ни тиловат ниятида ўқишлари жоиз эмас.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.