Юртимизда ибодатлар, жумладан, намоз ҳам, неча асрлардан буён ҳанафий мазҳаби асосида адо этилган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб бизнинг юртимизда ҳам мазҳаблар таълимотини инкор этувчилар пайдо бўлди. Улар намозни мазҳабимиз кўрсатмаларига зид равишда, ўз билганларича адо эта бошладилар. Улар ҳанафий мазҳабидаги намозга боғлиқ қоидаларни “ҳадисларга асосланмаган”, дея танқид қилдилар. Журналнинг ушбу сонидан бошлаб ана шундай масалалардан бериб боришни мақсад қилдик.

Ҳолбуки, ҳанафий мазҳабида барча масалалар, жумладан, намозга оид масалалар ҳам оят ва ҳадисларга асосланган.

Алоуддин Самарқандий “Туҳфатул фуқаҳо” асарида бундай ёзади: “Намозни бошлаш суннатлари бу: такбирни чўзмасдан, қисқа айтиш, такбир билан бирга қўлларни кўтариш. Қўлларни кўтаришда суннат – бармоқларни ёйиш, кафтини қибла тарафга қаратиш... Қўлларини қулоқлари баробарича кўтариш”.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобида бундай дейилади: “...қўлларни бош бармоқлари қулоқларининг юмшоғига баробар бўлгунча кўтаради... Бунга далилимиз Воид ибн Ҳужр, Баро ва Анас (розияллоҳу анҳум)ларнинг ривояти: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) такбир айтсалар, қўлларини қулоқларигача кўтарар эдилар”. Аёл киши эса қўлларини елкалари баробарича кўтаради. Мана шу тўғридир” (“Намоз китоби”. Намознинг сифати бўлими).

Косоний “Бадоиъус саноиъ” китобида намознинг суннатларини санаб айтади: “...намознинг суннатларидан бири – ифтитоҳ такбирида қўлларни кўтариш... “Зоҳирур ривоя”да айтилган, қўлларини қулоқлари баробарича кўтаради. Ҳасан ибн Зиёд буни “Мажаррад”да изоҳлаб ёзади: «Абу Ҳанифа айтади: “Қўлларини бош бармоқлари қулоқларининг юмшоғига баробар бўлгунча кўтаради”» (“Намоз китоби”. Намознинг суннатлари бўлими).

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу масалага қуйидаги ҳадисларни далил қилишган:

Воил ибн Ҳужр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, у Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозга кирганларида қўлларини кўтариб, такбир айтганларини кўрган. Ҳумом (розияллоҳу анҳу): “Қулоқларигача кўтардилар”, деган (Имом Муслим ривояти).

Молик ибн Ҳувайрис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) такбир айтсалар, қўлларини қулоқлари тўғрисигача кўтарар эдилар”. Бошқа бир ривоятда “қулоқларининг юқорисига баробар бўлгунча”, дейилган (Имом Муслим).

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз бошласалар, такбир айтардилар. Сўнг қўлларини бош бармоқлари қулоқлари баробарича бўлгунча кўтарар эдилар...” (Дорақутний).

Хасфакийнинг “Дуррул мухтор” китобида бундай дейилади: “Бош бармоқларини қулоқларининг юмшоғига теккизади. Чунки баробар қилишдан шу назарда тутилган. Зеро, фақат шундагина қўлларини қулоқлари баробар қилгани аниқ бўлади”.

Шамсул аимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий “Мабсут”да айтади: «Такбирда қўлларни кўтариш суннатдир. Чунки Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ифтитоҳ такбирида қўлларини кўтаришни тарк қилмаганлар. Бу ҳол қўлларни кўтаришнинг суннатлигига далолат қилади. Абу Юсуфдан ривоят қилинишича, такбирни қўлларни кўтариш билан бирга айтиш керак. Кўп шайхларимизнинг фикрича, намозхон аввало қўлларини кўтаради. Қўллари қулоқлари тўғрисига борганида такбир айтади. Чунки унинг бу ишида инкор ва тасдиқ маъноси бор. Зеро, у қўлини кўтариб, Аллоҳ таолодан ўзгасидан улуғлик мавжудлигини инкор қилади. “Аллоҳу акбар”, дейиши билан Унинг улуғлигини тасдиқлайди. Шунда худди шаҳодат калимасидагидек биринчи инкор, сўнг тасдиқ келади.

Қўлни кўтарганида бармоқлар орасини очмайди. “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бармоқларини ёйиб такбир айтдилар”, деган ҳадиснинг маъноси бармоқларни кафтга ёпиштирмасдан ўз ҳолича очишдир.

Қўлларни бош бармоқлари қулоқларнинг юмшоғига, ўрта бармоқлари учи қулоқларининг юқорисига баробар бўлгунча кўтариш суннатдир. Бу Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)нинг қавлидир».

Демак, намозга кириш такбири (такбири таҳрима)да қўлни кўтариш масаласи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган ҳадисларга асосланган. Ким ифтитоҳ такбирида қўлларини қулоқлари баробар кўтарса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашган бўлади.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.