Аллоҳ таоло кўп дуо қилувчи ва дуоларида ҳаддан ошмаган бандаларини яхши кўради. Дуо узун ва қофияли эмас, балки қисқа ва жамловчи бўлиши лозим. Аллоҳ таоло дуода ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди: «Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай» (Аъроф, 55). Дуони одамлар кўрсин ёки эшитсин деб узун, қофияли қилиш, дуода фақат дунёсини сўраш дуода ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло дуолар қабул бўладиган ўринлар ва қандай дуо қилиш ҳақида таълим берди. Фақат бу дунё яхшиликларини сўраб дуо қилувчиларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ: «Одамлар орасида шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир» (Бақара, 200). Икки дунё яхшилигини сўровчиларга икки дунёда ҳам ўша сўраган яхшиликлари берилади: «Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи Зотдир» (Бақара, 201–202).

Энг афзал дуо Қуръон ва суннатда келган дуолардир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръони каримдаги Бақара сураси 201-оятда келган дуони кўп такрорлар эдилар ва бошқаларни ҳам шу дуони қилишга чақирардилар. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг кўп айтадиган дуолари “Аллоҳумма роббана атина фид дуня ҳасанаҳ ва фил ахироти ҳасанаҳ вақина азабан нар” (“Ё Аллоҳ, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”) дуоси эди (Имом Аҳмад ривояти). Яна Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир касалнинг зиёратига бордилар. У худди жўжадек (оғзини зўрға очадиган) бўлиб қолган эди. Унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолога бирор нарса сўраб дуо қиляпсанми?” дедилар. У: “Ҳа, ё Аллоҳ, охиратда менга азобинг бўлса, бу дунёда бергин, деб сўрайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди. Ё Аллоҳ, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин, деб дуо қилмайсанми!”» деб таълим бердилар. У саҳоба (розияллоҳу анҳу) шундай дуо қилгач, Аллоҳ унга шифо берди (Муслим ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ўзи ҳам ана шу дуони кўп такрорлар эди.

Абдуссалом ибн Шаддод ривоят қилади: Мен Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳузурларида эдим. У кишига Собит: “Биродарларингиз сиздан ҳақларига дуо қилишингизни сўрашяпти”, деди. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳ, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” деб дуо қилди.

Улар бир муддат суҳбатлашдилар. Сўнг турмоқчи бўлганларида Собит яна: “Эй Абу Ҳамза (Анас), биродарларингиз туришмоқчи, уларнинг ҳақларига дуо қилинг”, деди. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Сизга тушунтириб беришимни хоҳлайсизми?! Аллоҳ сизларга бу дунёда ҳам яхшилик ва охиратда ҳам яхшилик берса ва сизни дўзах азобидан сақласа, шубҳасиз, сизларга яхшиликларнинг ҳаммасини берибди”, деди (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Мўмин банда дунё деб охиратни эсидан чиқариб қўймаганидек, охират деб бу дунёни ҳам четга суриб қўймайди. Балки икки дунёдан насибасини олади. Ҳикматларда келганидек “Дунё охират экинзоридир”.

Дуо қилувчи икки дунё яхшилигини ўзигагина эмас, ҳаммага сўраши лозим. Зеро, зикр қилинган ояти каримада ана шунга ишора бор.

Салоҳиддин ШАРИПОВ,

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби