Бу масалага доир баъзи ҳадислар:

Воил ибн Ҳужр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У айтади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг намозда ўнг қўллари билан чап қўлларини ушлаб, киндик остида тутганларини кўрдим” (Ибн Абу Шайба).

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Кафтни кафт устига қўйиб, киндик остида тутиш намозда суннатдандир” (Имом Аҳмад ва Дорақутний ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) деди: “Намозда кафтни кафтга қўйиб киндик остида тутилади” (Абу Довуд ривояти).

Абу Миъшар Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: “Намозда ўнг қўлининг (кафтини) чап қўли устига қўйиб, киндик остида тутади” (Ибн Абу Шайба ривояти).

Ҳажжож ибн Ҳассон айтади: «Абу Мижлаздан “Қандай қилади?” деб сўрадим. У айтди: “Ўнг кафти ичини чап кафти устига қўйиб, киндикдан пастда тутилади» (Ибн Абу Шайба ривояти).

Ҳанафий мазҳаби китобларида бу масала қуйидагича баён қилинган:

Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсийнинг «Мабсут» асаридан:

«Али (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “Намоз ўқувчи намозда ўнг қўл (кафт)ини чап қўл устига қўйиб, киндиги остида тутиши суннатдир” (Воил ибн Ҳижрдан ривоят қилинган). Марфуъ ҳадисда (“қўйиб” сўзи ўрнига) “ушлаб” дейилган. Кўпчилик шайхларимиз шу икки ривоятни жамлаб, ўнг кафти ичини чап кафти устига қўйиб, бош бармоқ билан жимжилоқни билак атрофида ҳалқа қилиб ушлайди. Шунда икки ҳадисга ҳам амал қилган бўлади. Қўлларни қўйиш ўрни эса, бизнинг наздимизда афзали – киндикнинг остидир... Бизнинг далилимиз, ривоят қилганимиздек, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисидир. Суннат, агар умумий айтилса, ундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари тушунилади.

Алоуддин Косонийнинг «Бадоиъус саноиъ» китобидан:

«(Қўлларни) қўйиш жойи эса, эркак киши учун киндикнинг остидир... Бунга бизнинг далилимиз Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қилганимиз бу ривоятдир: “Уч нарса пайғамбарларнинг суннатларидандир. Намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остида тутиш улар жумласидандар”».

Бурҳониддин Марғиноний «Ҳидоя»да айтади:

“Ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, киндик остида тутади. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остида тутиш суннатдандир”, деган ҳадисларига кўрадир... Чунки (қўлларни) киндик остида тутиш, таъзимга яқиндир”.

Қиёмда қўлларини бундан бошқа жойларга қўйиш ёки қиёмда қўлларни «ирсол», яъни осилтириб туриш, тўрт мазҳабдан бирортасига тўғри келса, ўша мазҳабдагилар учун тўғри бўлади.

Аёллар қўлларини ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиб, кўкраклари устида тутадилар.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.