Тижорат азалдан инсонларни бир-бири билан боғлаб турувчи муҳим омил бўлган. Аслида бу дунё жаннатни сотиб олиш учун бир тижорат майдонидир. Чунки инсонлар бу дунёда қилган яхши амаллари эвазига охиратда жаннатга эришадилар.

Тижоратнинг ҳам ўзига яраша ахлоқ-одоблари бор.

Ҳалол тижорат билан аҳли оиласини ҳар томонлама таъмин этиш, уларнинг ахлоқ-одоби хусусида қайғуриш ҳар бир мўмин инсоннинг зиммасидаги муқаддас бурчдир. Шу бурчни адо этиш мўмин кишининг ори ва шарафидир.

Бу борада энг гўзал ўрнак Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларидадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дастлаб қўй боқиш, кейинчалик тижорат билан шуғулланганлари барчамизга тирикчилик йўлида ҳалол касб лозимлигини англатади. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам савдо ишларида ўта ҳалол бўлганлар.

Тижорат ўзига яраша машаққатли, лекин баракали касблардандир. Мустақиллик шарофати билан юртимизда тижорат қилиш учун кенг имкониятлар очилди, бу ўз-ўзидан халқимиз ҳаётининг фаровон бўлиб боришига хизмат қилмоқда.

Динимизда тижорат қилишнинг ўз одоби, йўл-йўриқлари очиқ баён этилган. Ана шу кўрсатмаларга амал қилган инсон тижоратида барака топишига шубҳа йўқ.

Тижорат ҳалол бўлиши бу иш билан шуғулланаётган одамнинг ахлоқ-одобига бевосита боғлиқ. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омонатли, тўғри сўз мусулмон тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар» (Термизий ривояти). Демак, тижоратчи омонатдор ва тўғри сўз бўлиши керак. Бошқа бир ҳадисда: “Касбларнинг яхшиси ёлғон гапирмайдиган, ваъдасига хилоф қилмайдиган, омонатга хиёнат қилмайдиган, сотиб олишда (молни) пастга урмайдиган, сотишда (молни) ошиқча мақтамайдиган, қарздор бўлса, қарзини кечиктирмайдиган ва берган қарзини эса қистамайдиган тижоратчиларнинг касбидир”, дейилган (Исфаҳоний ривояти).

Маълумки, савдо билан шуғулланаётган кўплаб инсонлар ўз молини ўтказиш пайида гоҳо ёлғон сўзларни ишлатадилар. Бу яхши эмас. Чунки ёлғон сабабли ўртадан ишонч, савдодан барака кўтарилади.

Гоҳида бирор молга буюртма берилади, аммо унга талаб сусайгач, сўздан қайтиш ҳолатлари кузатилади. Бу тижорат одобини бузишгина бўлмай, ваъдага хилоф ҳамдир.

Тижоратдаги одам молини насияга олиб келиши, насияга бериши табиий зарурат. Унинг пулини вақтида қайтариш ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам яхши бўлади.

Албатта, ҳар бир тижоратчи ўз молининг сотилишини истайди. Аммо маҳсулотни ортиқча мақташ, унда йўқ сифатларни айтиш ярамайди.

Молни арзонроққа олишни савдо аҳли хуш кўради, лекин шу мақсадда олаётган молидан айб ахтариш, ҳалол савдогарнинг шаънига муносиб иш эмас. Демак, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг суннатларига эргашган тижоратчи олаётган молини ёмонламайди.

Тижоратчи инсоф чегараларини бузмаслиги керак. Шунда унинг ишида барака бўлади.

Гоҳо харид чоғида, асосан, ёш сотувчиларимизнинг бироз қўрслик, дағаллик қилишларига дуч келамиз. Аслида, сотувчилик ҳам ўзига хос маҳорат талаб қиладиган соҳа. Унинг сир-синоатидан хабардор бўлмаслик оқибатида харидорлар камайиб кетиши турган гап. Демак, бу ўринда ҳам одоб қоидаларига риоя қилиш, хушмуомалаликни қўлдан бермаслик жуда муҳим шарт ҳисобланади.

Абдуғафур МАЛИКОВ,

Тошкентдаги  Кўзи ожизлар жоме масжиди имом-хатиби