“Салавот” “салот” сўзининг кўплигидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб, 56). Аллоҳ таолонинг салавоти раҳмати ва мағфиратидир. Фаришталарнинг салавоти истиғфордир. Умматнинг салавоти Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳақларига дуо, истиғфор айтиш ва шаънларини улуғлашдир.

Салавот айтиш ҳукми

Фақиҳлар мусулмон киши салавотни умрида бир марта айтиши вожиб, дейишган.

Намоз охирида, ташаҳуддан сўнгги салавот суннатдир.

Намоздан ташқарида салавот айтиш мустаҳабдир. Айниқса, жума куни ва кечаси, тонг вақти, кеч кирганда, масжидга кирганда ва чиққанда, у зотнинг қабрлари олдида, муаззинга жавоб қилаётганда, дуодан олдин ва кейин, Сафо ва Марвада саъй қилаётганда, Қуръон хатмидан сўнг, бошига қийинчилик ва ташвиш тушганда, мағфират сўраганда, одамларга таълим берганда, мавъизада, дарс ўтаётганда, никоҳ ўқилаётганда салавот айтишнинг фазли ва савоби улуғлиги ҳадисларда таъкидланган.

Имом Термизий айтади: “Баъзи аҳли илмлардан ривоят қилинишича, киши бир мажлисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмлари бир марта зикр қилинганда у зотга бир марта салавот айтса, ўша мажлисда у зотнинг исмлари кейин қанча зикр қилинса ҳам, барчасига етарли бўлади”.

Салавот айтиш фазли

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн салавот айтади ва унинг ўнта хатосини ўчиради”» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қиёмат куни менга одамларнинг энг яқини менга энг кўп салавот айтганларидир” (Имом Муслим ривояти).

Салавотнинг лафзлари

“Раддул мухтор” китоби муаллифи Ибн Обидин Имом Суютийдан нақл қилишича, салавотнинг афзал лафзи “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала оли Муҳаммад”дир.

Энг қисқаси “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад”дир.

Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизга салавот ва салом йўллашни амр қилди. Сизга салавотни қандай айтамиз?” деб сўрадик. У зот: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъала оли Муҳаммад кама соллайта ъала Иброҳима ва ъала оли Иброҳима иннака Ҳамийдум Мажийд. Аллоҳумма борик ъала Муҳаммад ва ъала оли Муҳаммад кама барокта ъала Иброҳима ва ъала оли Иброҳима иннака Ҳамийдум Мажийд”, деб айтинглар, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Бошқа пайғамбарларга салавот айтиш

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)-дан бошқа пайғамбарларга ҳам салавот ва салом айтилади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг пайғамбарлари ва расулларига салавот айтинг. Албатта, Аллоҳ таоло уларни ҳам мен каби пайғамбар қилиб юборган”, деганлар (Байҳақий “Шуъабул имон”да ривоят қилган).

 

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.