Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир. Илм ва қудратда ҳам ҳеч ким унга баробар эмасдир. Аллоҳ таоло ўзининг илми азалийси билан барча воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билгувчидир. Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажак воқеаларни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади.  Жумладан: «Айтинг: "Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар» (Намл, 65). Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас"» (Анъом, 59).

Демак, инсоннинг келажакдаги тақдирини ва бошқа ғайбий ишларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Агар келажакдаги ишлар инсонларга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди. Чунки ғайбни билган одам фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли нарсалардан сақланган бўлар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг: «Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман» (Аъроф, 188).

Ушбу оятлардан маълум бўладики, ҳеч ким, ҳатто пайғамбарлар ҳам ўз бошларига қандай кунлар келишидан бехабар бўлганлар. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдир ва қисматини айтиб берувчи сохта «башоратчилар» ҳам йўқ эмас. Улар коҳин – фолбинлардир. Фолбинликнинг зарарлари, унга ишонувчиларнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги далилларни келтиришдан олдин, унинг хусусияти ва тарихига бир назар ташласак.

Маълумки, замин инсонларнинг макони, осмон эса, малоикаларнинг ошёнидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Ердаги бандалари хусусидаги барча ҳукм-фармонларини адо қилишни ана шу фаришталар зиммасига юклагандир. Оламда учинчи бир тоифа – жинлар тоифаси ҳам борки, инсонлар узоқ йиллардан бери улар билан турли хил алоқада бўлиб келганлар. Ҳатто Сулаймон (алайҳиссалом) ҳузурида жинлар энг оғир ишлар билан машғул бўлиб хизмат қилишган. Бу ҳақда  Қуръони  каримда бундай дейилади: «..Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиган (жин)ларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан четласа, Биз унга ўт азобидан тоттириб қўюрмиз» (Сабаъ, 12).

Бундан ташқари жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, Ердаги фолбинларга етказиб туришган. Буни Аллоҳ таоло жинларнинг тилидан бундай баён қилади: Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга (фаришталар сўзларини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач) кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар (Жин, 9).

Жинлар ва фолбинларнинг бундай алоқалари Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қуръони карим нозил бўлиш замонига қадар давом этди. Ислом дини келгунгача кўплаб коҳинлар ўзларининг берган ғайбий хабарлари билан жуда машҳур бўлганлар. Масалан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган кечада Эрон подшоси Хусравнинг саройи ўртасидан дарз кетиб ёрилди ва ўн тўртта минора қулаб тушди. Худди шу кечада Хусравнинг вазири  Мубадон ғалати туш кўрди. Саройнинг бузилиши ва  вазирнинг туши қандай маънога эга эканини билиш мақсадида подшо Шом тарафда яшайдиган машҳур Сотиҳ исмли коҳинга чопар юборди. Сотиҳ эса, шу кечада туғилган бир чақалоқ келажакда пайғамбар бўлиши ва Эрон ҳам унинг динига кириши ҳамда ўша замонгача яна ўн тўрт подшоҳ форс мамлакатини идора этиши ҳақида хабар берди. Замон ўтиши билан унинг сўзлари тўғри экани маълум бўлди.

Қуръони карим нозил бўла бошлаши билан жинларнинг қаршиликсиз осмонга чиқиб хабар келтиришларига чек қўйилади. Юқорида келтирилган оятда жинлар осмонда баъзи жойга ўтириб олиб фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитишлари баён қилинган эди. Уларнинг тинчини бузган ва ишларига якун ясаган воқеа ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: «...Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар. Биз ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз» (Жин, 9–10). Бошқа бир оятда эса шундай марҳамат килинади: «Илло (у жинлардан) бирортаси (малоикаларнинг сўзини) яширинча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (ҳалок этар)» (Хижр,  18).

Ушбу оятлардан маълум бўлдики, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиши билан жинлар учун осмон эшиги ёпилди. Ваҳийнинг мусаффолигини таъминлаш ва одамлар орасида шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳамда Қуръон оятлари билан фолбинларнинг сўзлари аралашиб кетмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло жинларни осмонга чиқишдан ман қилди. Осмонларга қўриқчиларни қўйди. Осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир.

Инсонлар назарида жинлар ғайбий ишларни билувчи ҳисобланади. Аслида улар ҳам ғайбдан бехабардирлар. Бунга қуйидаги оятлар ҳам далолат қилади: “Бас, қачонки, Биз унга (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат ҳассасини еяётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки, у қулаб тушгач, жинлар аниқ билдиларки, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида бу хор қилувчи азобда (меҳнатда узоқ муддат) қолмаган бўлур эдилар» (Сабаъ, 14).

Маълумки, Сулаймон (алайҳиссалом) асога суянган ҳолда жон таслим қилганлар. Унга хизмат қилувчи жинлар эса, унинг вафот этганини билмасдан, оғир ишларда давом этдилар. Сулаймон (алайҳиссалом) суяниб турган асони бир йил давомида ёғоч қурти еб, ичини кемирди. Натижада Сулаймон (алайҳиссалом) ерга қулаб тушдилар. «Сулаймон ўлди, девлар қутилди» деган нақл ҳам шундан қолган. Агар инсонлар ўйлаганидек, жинлар ғайбий сирлардан огоҳ бўлсалар эди, ўша ҳолатда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг вафот этганини билиб, мажбурий қилаётган оғир ишларини тўхтатган бўлар эдилар».

Фолбинликка нисбатан Ислом дини қандай муносабатда бўлади? Бу ҳақда кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин. Жумладан:

«Кимки бирор коҳиннинг олдига борса ва унинг айтган сўзига ишонса (тасдиқласа) қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди» (Имом Табароний).

Ушбу сўзлар бошқа ғайбдан хабар берувчилар ва уларнинг сўзларига ишонувчи нодон кишиларга ҳам тегишлидир. Чунки юлдузлар фақатгина уч нарса учун: осмонга зийнат, жин ва шайтонларга отиш учун тош ва инсонлар йўл топиб олишлари учун аломат-белги қилиб яратилгани ҳадисларда баён этилган. Юлдузлар ҳеч қачон инсонларнинг тақдирини ва келажакдаги ҳодисаларни билишга далолат қилмайди.

 

ТАҲРИРИЯТ