Ҳанафий мазҳаби китобларида бу масала бундай баён этилган:

Фатҳул Қадир”да: “Қиём ҳолатида (эр кишилар) оёқлари ораси камида тўрт бармоқ миқдорича очиқ бўлиши керак. Таҳовий “Муқорана”да “Мана шу тўғри”, деган”.

Раддул муҳтор”да: “(Эр кишилар) оёқлари ораси қўл бармоқларидан тўрттаси миқдорида очиқ бўлиши керак. Чунки шу хушуга муносибдир”.

Мароқил фалоҳ”да: “Қиёмда (эр кишилар) оёқлар орасини тўрт бармоқ миқдорича очиши суннатдир. Чунки шу хушуга муносибдир”. Имом Таҳовий “Ҳошия”сида: “Бу тўғрида хилоф ривоят йўқ”, деган.

Аёллар оёқларини жипслаштириб туради. Чунки бу сатрга муносибдир.

Бу масала ҳақида бошқа мазҳабларда бундай дейилган:

Шофиийлар: “Оёқлар ораси бир қарич бўлиши керак. Оёқларни узрсиз бир-бирига ёпиштириш макруҳ. Чунки бу хушуга зид чираниш”, дейишган.

Моликийлар ва ҳанбалийлар эса, “Оёқлар орасини очиш мандуб, бунда ўртача ҳолатда (бўлади), яъни урфда хунук саналадиган даражада кўп очиб ҳам, кўп яқинлаштириб ҳам турилмайди”, дейишган.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сафларингизни тўғриланг. Мен сизларни орқадан ҳам кўраман”. Бизларнинг биримиз елкасини ёнидаги шеригининг елкасига, оёғини оёғига ёпиштириб турарди” (Имом Бухорий).

Ибн Ражаб “Фатҳул Борий”да айтади: “Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадис сафларнинг тўғрилиги елкалар ва оёқларни бир текис қўйиш билан бўлишига далолат қилади.

Усмон (розияллоҳу анҳу) одамларга хутба қилиб: “Сафларингиз ва оёқларингизни тўғриланг. Елкаларни бир текис тутинг”, деди.

Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисини Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий Иълоус сунан китобида бундай шарҳлаган:

Замонимизда бир тоифа кишилар бу ҳадиснинг зоҳирини олган. Улар оёқларини сафда ёнидаги намозхоннинг оёғига ёпиштиради. Намознинг охиригача шунга тиришади. Сир эмаски, елкаларни елкаларга, тиззаларни тиззаларга ёпиштириш билан бирга оёқларни оёқларга ёпиштиришда катта машаққат бор. Айниқса, намознинг охиригача шу ҳолда қолишда. Ваҳоланки, динимиз машаққатга буюрмайди. Иккинчидан, намозхонлар қоматлари турлича бўлса, елка ва оёқларини ёпиштириш мумкин эмас. Мазкур ҳадисдан мурод елка ва оёқларни бир-бирига тўғрилашдир. “Авнул маъбуд”да Ибн Умар ҳадисининг шарҳида бундай дейилади: “Елкаларни тўғриланг”, яъни елкаларни бир-бирига тўғри тутинглар. Ҳар бир намозхоннинг елкаси ёнидагисининг елкасига тўғри бўлса, елкалар ва оёқлар тўғри бўлади.

Мен (Зафар Аҳмад Усмоний) айтаманки, Анас (розияллоҳу анҳу)нинг: “Бизларнинг биримиз шундай қиларди”, дейиши бу иш Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида бўлганини, у зотдан кейин тўхтаганини билдиради. Бу фикрни Маъмарнинг ривоятидаги: “Агар буни ҳозир бирортасининг ёнида қилсанг, саркаш туяга ўхшаб қочади”, дегани ҳам қувватлайди. Агар бу намознинг таъкидланган суннатларидан бўлганида саҳобалар уни тарк қилмаган, ундан ҳеч ким қочмаган бўларди. Тўғриси, бу ҳол иқомат вақтида сафни тўғрилаш учун бўлган. Иқоматдан сўнг намознинг ичида бўлмаган.

Намозда сафни тўғри ва жипс қилиш суннат. Мўътабар тўрт мазҳаб фақиҳлари оёқларни ёки тўпиқларни ёпиштириб туриш тўғрисидаги ҳадисларнинг зоҳирини олмаганлар. Балки бундан сафни тўғри ва жипс қилишга жиддий эътибор бериш лозимлигини тушунганлар. Оёқлар орасини хунук кўринишда, елка кенглигидан ҳам кўпроқ очишни макруҳ ва хушуга зид санаганлар.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.