“Дуо” сўзи ёлвориш, ёрдам сўраш, чақириш маъноларини англатади.

Хаттобий унинг истилоҳий маъноси ҳақида бундай деган: “Дуо банданинг Раббисидан иноят, ёрдам сўраши, Унга муҳтожлигини изҳор қилиши, ўзининг ожизлигини тан олишидир. Дуо бандаликнинг белгиси, башарий ожизликнинг кўринишидир. Дуода Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Унинг карамли, марҳаматли Зот эканига иқрор бўлиш маъноси ҳам бор”.

Қуръони каримда “дуо” қуйидаги маъноларда ҳам келган:

Илтижо қилиш: “Айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?” (Анъом, 40);

Сиғиниш: “Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган (бут)ларингиз ўзларингизга ўхшаш бандалардир” (Аъроф, 194);

Чорлаш: “У сизларни чорлайдиган кунда (қиёматда) Унга ҳамд (айтиш) билан жавоб берурсиз ва ўзларингизнинг (дунёда) оз (муддат)гина турганингизни ўйлаб қолурсиз” (Исро, 52);

Дуо қилиш (Аллоҳдан сўраш): “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Ғофир, 60).

Дуонинг ҳукми

Имом Нававий айтади: “Барча фақиҳлар, муҳаддислар, аксар олимлар дуо қилиш мустаҳабдир дейишган”.

Дуо қилиш афзалми ёки тақдирга рози бўлишми?

Баъзи олимлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Дуо ибодатдир”, мазмунли ҳадисларига кўра, дуо қилиш афзал. Чунки дуо Аллоҳга муҳтожлигининг изҳоридир”, деган. Айрим олимлар: “Аллоҳнинг ҳукмига бўйсуниб, тақдирга рози бўлиш яхши”, дейишган бўлса, бошқалар: “Афзали – ҳам дуо қилиб, ҳам қалбида тақдирга рози бўлишдир. Бунда икки ишни ҳам қилган бўлади”, деган.

Имом Ғаззолий айтади: “Дуонинг балони қайтариши ҳам тақдирдан. Дуо балонинг қайтарилиб, раҳматнинг жалб қилинишига сабабдир”.

Дуонинг фазли

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман” (Бақара, 186), “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилинг, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Дуо айни ибодатдир” (Имом Аҳмад ривояти); “Дуо ибодатнинг мағзидир” (Имом Термизий ривояти); “Аллоҳ азза ва жаллага дуодан кўра суюкли нарса йўқ” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Дуонинг фойдалари

Дуо ибодатдир. Аллоҳ таоло уни бизга буюрган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиб қилганлар. Қанчадан-қанча қийинчиликлар, мусибатлар дуо билан ариган. Ким дуо қилишни тарк этса, жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Дуо қилиш одоблари

Дуо қабул бўлиши учун кишининг егулиги, ичимлиги, кийими ва бошқа нарсалари ҳалолдан бўлиши керак.

Дуо учун шарафли вақтларни ғанимат билиш зарур. Арафа куни, Рамазон ойи, жума куни, саҳар вақти ана шундай вақтлардандир.

Шарафли ҳолатларда: намозлардан сўнг, ёмғир ёққанида, азон ва иқомат орасида, рўза тутган ҳолатида дуо қилиш.

Қиблага юзланиб, қўлларни кўтариб дуо қилиш.

Дуо охирида қўлларни юзга суриш.

Паст овозда дуо қилиш.

Тазарру, хушу, рағбат ва қўрқув билан қалбдан чиққан сўзларни айтиб дуо қилиш.

Аллоҳнинг ижобат қилишига ишониб дуо қилиш.

Дуоларим ижобат бўлмаяпти деб тушкунликка тушмаслик.

Дуони Аллоҳга ҳамд ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот билан бошлаш.

Дуодан олдин тавба қилиш.

Шунингдек, дуода фақат ўзи учун эмас, бошқаларга ҳам яхшилик сўраш, ҳаддидан ошмаслик, Қуръони карим ва ҳадисларда келган дуолар билан дуо тилаш, фазилатли кишилардан ўзи учун дуо сўраш, бошқалар учун ғойибона дуо қилиш, ўзига яхшилик қилган киши ҳақига дуо қилиш мустаҳабдир.

Жамшид ХОЛЁР ўғли тайёрлади.