Ислом дини асрлар давомида халқимизнинг муқаддас эътиқоди, маънавий ҳаётининг дастуруламали бўлиб келган. Дин тарбиявий жараённинг энг муҳим ва энг мураккаб йўналишларидан бирини ташкил этади. Бугунги кунда улкан маънавиятимизни ташкил этувчи катта масалалардан бири ислом назарияси ва тарихи, ислом фалсафаси ва ҳуқуқшунослиги, ислом маданияти ва ахлоқи билан боғлиқ илмий муаммоларни атрофлича ва чуқур ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этиш уламоларимизнинг энг долзарб ишларидан бири ҳисобланади.

Тарихдан маълумки, ҳижрий иккинчи асрдан бошлаб шаръий аҳкомларда мустақил мазҳаблар шакллана бошлади. Аввал Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Куфий, Молик ибн Анас, Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари келиб чиқди.

Ушбу тўрт мазҳаб ҳам “Аҳли сунна вал жамоа”га киради. Шунингдек, мазҳаб соҳиблари барча мужтаҳидлардан илмда, тақвода устун бўлгани учун уларнинг мазҳаби шу кунга қадар ислом оламида давом этиб келяпти. Бу тўрт мазҳабнинг манбалари бир хил, яъни Қуръон, ҳадис, ижмоъ, қиёс, лекин баъзи масалаларда ижтиҳод юзасидан фарқлар ҳам мавжуд.

Ватанимиз мусулмонлари азалдан эътиқод ҳамда ҳуқуқ масалаларида ҳанафий мазҳабига амал қилади. Қуйида ислом оламида юксак ўрин тутган Ҳанафий мазҳаби ва унинг асосчиси ҳақида баён қилмоқчимиз.

Ҳанафий мазҳаби дунёда энг кенг тарқалган мазҳаб бўлиб, манбаларга кўра, ҳозирги кунда унга 600 миллионга яқин, яъни мусулмонларнинг деярли ярми эргашади. Бу мазҳабнинг оламда кенг тарқалишига сабаб, аввало, унинг халқчиллиги бўлса, иккинчидан, ислом тарихидаги аксарият ҳукмдорлар ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда шу мазҳаб қоидаларига суянишган. Амир Темур ва бобурийлар давлатларида ҳам динга тааллуқли ишлар ҳанафий мазҳаби асосида юритилган.

“Имоми Аъзам таълим ва тарғиботларни шогирдлари билан бамаслаҳат олиб борган. Қайси бир масала имомлар ўртасида маслаҳат билан ҳал этилар экан, шу мазҳаб афзал ва савоблироқдир (“Маноқиби Имоми Аъзам”).

Асад ибн Фурот дейди: “Китобларини девон қилган Имоми Аъзамнинг шогирдлари қирқ кишидан иборат эди. Биринчи ўнликлар ичида Абу Юсуф, Зуфар ибн Ҳузайл, Довуд Тоий, Асад ибн Амр, Юсуф ибн Холид Самтий, Яҳё ибн Закариё эса унинг учун ўттиз йил котиблик қилган” (Хуснут Тақозий).

Мужодил (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мен Ҳорун Рашид ҳузурида ўтириб эдим. У ерга Имом Абу Юсуф кирди. У кишига Ҳорун: “Менга Абу Ҳанифанинг ахлоқларини таърифлаб беринг”, деб айтди. Имом Абу Юсуф деди: “Аллоҳга қасам, Абу Ҳанифа ҳаром ва шубҳадан ҳазар қилувчи, ҳамиша фикр-зикрда, беҳуда сўзламас эди. Сўралган масалани билса, жавоб берарди. Эй мўминларнинг амири, мен у кишини ҳаммадан ҳам ўз нафсини сақлаган ҳолда кўрар эдим. Ўзгаларнинг айбини ахтаришдан қатъий сақланарди. Барчани яхшилик билан гапирарди”. Ҳорун деди: “Бу улуғлар ахлоқидир” (Ҳофиз Заҳабий, “Абу Ҳанифа ва икки шогирдлари маноқиби”).

Фузайл ибн Иёз (раҳматуллоҳи алайҳ) дейди: “Абу Ҳанифа фақиҳ эди ва фиқҳ билан танилган, тақво билан машҳур, атрофдагиларга эҳсон қилишда намуна, кечаю кундуз дарс беришга чидамли, кечалари гўзал ибодат қилар, узоқ вақт сукут сақлар, камгап, агар бирор ҳалол ёки ҳаромдан гапириш лозим келса, ҳақ йўл билан чиройли ҳал қилувчи эди” (“Тарихи Бағдод”).

Ҳанафий мазҳаби Ислом динидаги тўрт мазҳаб ичида мўътадил ва дин тарғиботида куч ишлатмасликни ҳимоя қилади. Мусулмонларни ўзаро тинч-тотув яшашга, раҳбарларга итоатда бўлишга, ғайридинларга нисбатан зўравонлик ўтказмасликка, бошқа динларга ҳурмат кўрсатишга чақиради. Бу мазҳабнинг гуноҳ ва савоб тушунчаси ҳам умуминсоний қоидалар асосида шаклланган бўлиб, унда қотиллик, ичкилик, гиёҳвандлик, судхўрлик (рибо), ширк ва туҳмат-бўҳтон кабилар оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Маълумки, Ислом дини кишиларни бир-бирларига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишга чақириш билан бирга уларни динидан, миллатидан қатьи назар, ўзаро ҳурматда бўлишга ундайди. Бу нарса ўз навбатида жамиятнинг бирлигини, фуқаролар орасида дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Таниқли исломшунос олим Aбдулазиз Мансур бир суҳбатда мазҳаблар ҳақида гапириб, жумладан, бундай деган: “Ҳозирги давримизда ислом оламида, хусусан, она диёримизда шундай ақидалар пайдо бўлганки, баъзилар, умуман, фиқҳий мазҳабларни инкор этади, Қуръон ва суннат (ҳадис) турганда мазҳабга ўрин йўқ, деб айтади. Бошқа айрим аҳли илмлар борки, улар фақат ўзи тақлид қиладиган, муайян бир мазҳабни тан олади, лекин бошқа мазҳабларга гўё Исломдан ўзга дин ақидаларгa қарагандек қарайдилар. Бу икки ақида ҳам нотўғри, албатта. Бундай вазиятда Аллоҳнинг ризосини топаман, деган мусулмон киши нима қилиши керак? Ана шундай савол туғилиши табиий. Менимча, бундай пайтда улуғларимиз, хусусан, ҳанафий мазҳабининг мужтаҳидларию фуқаҳолари, улар қаторида Бурҳониддин Марғинонийдек буюк фақиҳ олиму алломалар йўлини тутмоқ лозим. Уларнинг бу борадаги ақидаларини билиш учун эса улар ёзиб қолдириб кетган асарларига мурожаат қилиш керак бўлади”.

Ислом дунёсида салкам 900 йилдан буён эътироф этилиб келинаётган “Ҳидояи шариф” китобини олайлик. Уни варақлар эканмиз, деярли ҳар бир саҳифасида Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ташқари Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмад, Абу Юсуф, Муҳаммад, Зуфар, Таҳовий, Кархий ва бошқа мужтаҳидларнинг номлари, бир масала устида айтилган турли фикрлар ҳурмат-эҳтиром билан келтирилади. Бир саҳифада уларнинг номлари неча маротаба такрор келса ҳам “раҳматуллоҳи алайҳ” деган дуони айтиб қўйишга зинҳор эринмайдилар. Бошқа бир мазҳаб фикрларини ҳам далиллар билан келтириб, сўнгра ўзларининг “истинбот”ларини далиллар билан исботлаган ҳолда зикр этиб ўтадилар.

Яна бир мисол. Бурҳониддин Марғиноний ҳазратларининг энг машҳур шогирдларидан бири “Таълимул мутааллим” рисоласининг муаллифи, Бурҳониддин Зарнужийнинг толиби илмларга қўлланма сифатида ёзган мазкур асари асосан ҳанафий мазҳаби уламоларининг ҳикматларидан тузилган бўлса-да, лекин бошқа мазҳаб мужтаҳид-уламоларининг ҳам ибратли сўзларидан мисоллар келтирилган.

Шу асарда ёзилган бир ривоятда таъкидланишича, Имомул-муҳаддисин, юртимиздан чиққан аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан фиқҳ бўйича “Китобус салот”дан сабоқ олган. Шунда Имом Муҳаммад Имом Бухорийнинг зеҳн ва қобилиятини кўриб: “Сен ҳадис илмига муносиб кўринасан, бор ани талаб қилгин”, деб фотиҳа берган.

Имом Муҳаммаднинг ўзлари фиқҳни Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфдан, ҳадис илмини эса Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ)дан таълим олди. Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) эса фиқҳ илмида Имом Муҳаммаддан дарс олгани жуда кўп тарихий манбаларда қайд этилган. Яна бир нарса диққатга сазоворки, Имом Шофиъий шогирдлари билан Ироқ мамлакатига келиб турганида барча намозларни ҳанафий мазҳабида ўқиган. Сабабини сўрашганида: “Бу ерда шундай улуғ мужтаҳид ётибди. У зотнинг ҳурмати менинг мазҳабимдан муҳимроқ”, деб жавоб беради. Шундай улуғ зотлардан ибрат олишимиз керак.

 

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳридаги “Собитхон ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби