Ҳанафий мазҳаби китобларида саждага бориш тартиби ҳақида бундай дейилади:

Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” китобида: “Қавмадан (рукудан кейинги туриш) сўнг сажда қилади. Саждага боришда такбир айтади, қўлларини кўтармайди. Аввал тиззаларини, сўнг қўл­ларини, сўнг пешонасини, сўнг бурнини ерга (жойнамозга) қўяди. Бир қавлда бурнини, сўнг пешонасини қўяди, дейилган” (1-ж, 134-б.).

Косонийнинг “Бадоиъус саноиъ” китобида: “(Яна рукудан саждага кетиш суннатларидан:) олдин тиззаларини ерга қўйиб, кейин қўлларини қўяди. Бу бизнинг наздимизда... Бизнинг далилимиз Набий (с.а.в.)нинг шу ҳадиси (яъни, намозда туя каби чўкишдан қайтарганлари тўғрисидаги ҳадис). Чунки туя чўкишда биринчи қўлларини қўяди. Ҳазрат Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) ана шундай қилганлари ривоят қилинган” (2-ж, 315-б.).

Бурҳониддин Мозанинг “Ал-муҳит ал-бурҳоний” китобида: “Саждага боришда ерга қўлларини тиззаларидан олдин қўйиши макруҳдир. Турганида эса, қўлларини тиззаларидан олдин кўтаради. Узрли ҳолатда бунинг тескарисини қилиши жоиз” (2-ж, 55-б.).

Рукудан саждага боришда тиззалар ерга теккунича гавда букилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

Ушбу масалада ворид бўлган ҳадиси шарифлар:

Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни саждага борганларида тиззаларини қўлларидан олдин қўйганларини кўрдим. Саждадан турганларида эса, қўлларини тиззаларидан олдин кўтардилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдим. Такбир айтдилар, бош бармоқларини қулоқлари баробар кўтардилар. Сўнг руку қилдилар, ҳар бир бўғимлари ўз ўрнига тушди. Кейин такбир айтиб саждага бордилар. Тиззалари қўлларидан олдин тушди” (Ҳоким ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ, деган).

Иброҳим Нахаъий айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуддан эсда қолгани шуки, у кишининг тиззалари ерга қўлларидан олдин тушарди” (Таҳовий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

“Иълоус сунан” китобида Воил ибн Ҳужр (р.а.) ҳадиси шарҳида бундай дейилади: “Ҳадис сажда қилганда тиззаларни қўллардан олдин қўйишга, турганида эса, қўлларни тиззалардан олдин кўтаришга очиқ далолат қилади. “Найл”да айтади: “Жумҳур (кўпчилик) олимлар шу фикрни айтишган. Ибн Мунзир буни Умар ибн Хаттоб (р.а.)дан, Нахаъий, Муслим ибн Ясор, Суфён Саврий, Аҳмад, Исҳоқ ва рай соҳибларидан ривоят қилган”.

Демак, бу масала Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларга, ҳазрат Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) каби саҳобаларнинг амалларига асосланган.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.