Таърифи: "Зикр" луғатда эслаш, ёдга олиш, гапириш маъноларини билдиради. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолони ёд этишга зикр дейилади. Аллоҳ таолонинг исми зотини (Аллоҳ), сифатларини ёд этиш, ҳукмлари ҳақида гапириш, Қуръон тиловат қилиш, Унга илтижо, дуо қилиш, Уни улуғлаш, Унга ҳамд айтиш, тавҳид калимасини айтиш, неъматларига шукр қилиш зикр ҳисобланади.

Аллоҳ таолони зикр қилишнинг ҳукми

Ҳар бир мусулмон ҳожат пайтидан бошқа барча ҳолатларда зикр қилиши мустаҳабдир. Баъзи ҳолатларда зикр қилиш вожибдир. Масалан, намоздаги такбири таҳрима, қироат вожибдир. Зикр ҳаром ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Аллоҳнинг зикрига ширк сўзлар аралаштирилса, бу зикр ҳаром бўлади.

Зикрнинг фазилати ва фойдалари

Зикр амалларнинг мутлақ афзалидир. Набий (с.а.в.) айтдилар: “Сизга амалларингизнинг энг яхшиси, энг тозаси, даражаларингизни энг кўп кўтарадигани, сизлар учун тиллаю кумушни инфоқ қилишдан ҳам афзали, душманларингизга йўлиқиб, улар билан жанг қилишингиздан ҳам яхшисини айтайми?” Саҳобалар: “Ҳа, айтинг”, дейишди. У зот: “Аллоҳнинг зикри”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Барча ибодатлар зикр учун, яъни Аллоҳ таолони ёд этиш учун буюрилган. Аллоҳ таоло зикр қилувчиларни Ўзига яқин қилади, уларни дўст тутади, уларга ёрдам беради, уларни яхши кўради, тавфиқ беради. Ўзини ёд этганни ёд этади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман» (Бақара, 152).

– Зикр қилувчини шайтон васваса қилолмайди ва унга азият етказа олмайди. Аллоҳ таоло: «Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар» (Аъроф, 201).

Зикр билан қалб тирилади, юмшайди, қаттиқлиги кетади. Зикр қалбдаги ғафлат, маъсиятларни яхши кўриш каби касалликлар давосидир. Зикр инсонга тоатларни адо этишга ёрдам беради, уларни осон қилади. Ибодатларни севимли, лаззатли қилиб қўяди. Зикр қилувчига ибодатлар оғир, машаққатли туюлмайди. “Раббини зикр қиладиган ва зикр қилмайдиган икки кишининг мисоли тирик ва ўлик кабидир” (Имом Бухорий ривояти).

Зикр ибодатларнинг энг афзали ва улуғи бўлишига қарамасдан, улар ичида энг осонидир. Киши юрганида, турганида, ўтирганида, ётганида ва бошқа барча ҳолатларида ҳам зикр қилиши мумкин.

Зикр қандай қилинади?

Зикр тил билан ва қалб билан бўлади. Тил билан зикр қилиш бу тили билан ўша зикрни камида ўзи эшитадиган даражада талаффуз қилишдир. Олимлар тил ва қалб ила қилинган зикр афзаллигини таъкидлашган.

Зикр ҳисобланган иборалар

Тасбеҳ – “Субҳаналлоҳ”, таҳмид – “Алҳамдулиллаҳ”, таҳлил – “Ла илаҳа иллаллоҳ”, такбир – “Аллоҳу акбар”, ҳавқала – “Ла ҳавла ва ла қуватта илла биллаҳ”.

Бу беш ибора: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” – “ал-боқиятус солиҳат” (боқий солиҳ амаллар) деб номланган. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Ал-боқиятус солиҳатни кўп айтинглар”. Саҳобалар: “Улар нималар?” деб сўрашди. У зот: “Такбир, таҳлил, тасбиҳ, таҳмид, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, дедилар (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Истиржоъ – “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, Басмала – “Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим”, Маша Аллоҳ – (Аллоҳ хоҳлагани бўлади), Набий (с.а.в.)га салавот айтиш, Талбия – (ҳаж ва умрада) “Лаббайка аллоҳумма лаббайк”, дейиш, Ҳасбала – “Ҳасбияллоҳ” (Менга Аллоҳ кифоядир).

Энг афзал зикр

Имом Нававий: “Энг афзал зикр Қуръондир”, деган. Ҳадисда: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳ ва ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар” Қуръондан кейин энг афзал зикр дейилган. Бу тўғрида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ана шуларни айтишим мен учун қуёш нури тушган барча нарсалардан яхшидир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Мазкур калималар ичида энг афзали эса “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир. Набий (с.а.в.): «Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг яхши калима “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир», деганлар (Имом Термизий ривояти).

Жамшид ШОДИЕВ

 тайёрлади.