Халқимиз орасида “жин чалибди”, “жин кирибди” деган гаплар тез-тез учрайди. Кўп сонли журналхонлар биздан жинларнинг зарари тегмаслиги учун нималар қилиш лозимлиги ҳақида батафсил маълумот беришимизни сўрашган. Уларнинг талаб ва истак­ларини инобатга олиб, қуйида мазкур мавзуга доир мақолани ҳавола этамиз.

 

“Жин” деб кўзга кўринмас нарсага айтилади. Ибн Мунзир (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Жинлар кўзга кўринмас мавжудотлар бўлгани учун “жин”, деб номланган”. Байзовий (раҳимаҳуллоҳ): “Жинлар ҳаво ва олов унсури ғолиб бўлган, ақлли, кўринмас мавжудотлардир”, деб айтган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам инсонларга, ҳам жинларга пайғамбар этиб юборилганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Олдинги пайғамбарлар фақат ўз қавмларига жўнатилганлар. Мен жин ва инсонларга пай­ғамбар этиб юборилдим”, деб марҳамат қил­ганлар» (Имом Байҳақий).

Қуръони каримда бундай марҳамат қи­линади: «Орамизда мусулмонлар ҳам бор, (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас, ким мусулмон бўлса, демак, айнан ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. Аммо (йўлдан) озганлар эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир» (Жин, 14–15).

* * *

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га рисолат келишидан илгари жинлар фаришталар айтган хабарларни эшитиб олар, сўнг уларни  фолбинларга етказишарди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга (фаришталар сўзларини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач) ким (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар» (Жин, 9).

* * *

Бадриддин Шиблий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Жинларда инсон ва ҳайвонлар сурат-шаклига кириш салоҳияти бор. Улар балиқ, чаён, туя, сигир, қўй, илон, хачир, эшак, қуш ҳамда одам суратига ҳам кириши мумкин” (Ибн Исҳоқ ривояти).

Қози Абу Яъло (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: “Жинларда ўз шаклини бирор-бир суратга ўзгартириш қудрати йўқ. Фақат улар баъзи сўз ёки ишларни айтган ёки бажарганларида Аллоҳ таоло уларни бир суратдан иккинчисига ўтказиши мумкин”. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ҳеч бир махлуқот Аллоҳ таоло уни яратган суратини ўзгартиришга қодир эмас. Фақат жинларнинг ҳам сизнинг сеҳргарларингизга ўхшаган сеҳргарлари бўлади. Агар уларни кўрсангиз азон айтинглар”, деган (Ибн Обидин).

* * *

Жинлар инсонларни кўрадилар, инсонлар эса уларни жуда кам ҳолатдагина кўриши мумкин. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар» (Аъроф, 27).

Жинларнинг аксари гуноҳ қилинадиган масканларда, нажосат, ҳаммом, ҳожатхона ҳамда ахлатхоналарда яшайди. Зайд ибн Арқам (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Мана бу ҳожатхоналар жинларга тўладир. Сизлардан бирингиз у ерга кирса: “Эркак ва урғочи ифлос жин-шайтонлардан паноҳ сўрайман”, деб айтсин. Ҳожатхона жин ва шайтонлар маконидир» (Абу Довуд).

Жинларнинг овқатлари суякдир. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Жин биродарларингизнинг озуқасидир”, дея суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтарганлар (Имом Муслим).

Жинларга атаб сўйилган жонлиқ ҳалол бўлмайди. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)» (Моида, 3).

* * *

Жинларнинг зарар етказишидан сақланиш учун доимо Аллоҳ таолодан паноҳ сўраш, доимо тоза ва пок юриш лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг! Зеро, У Эшитувчи ва Билувчи (зот)дир» (Фуссилат, 36).

Яна “муаввизатайн” (Фалақ ҳамда Нос суралари) ўқиш керак. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жинларнинг (ёмонлиги) ва одамларнинг кўзи тегишидан асрашини тилаб Аллоҳ тао­лодан паноҳ сўрардилар. “Муаввизатайн” нозил бўлганда, шу икки сурани ўқийдиган бўлдилар» (Имом Термизий).

Шу билан бирга, Оятал курсийни ўқиш зарур. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени Рамазон закотини (фитр садақасини) сақлашга вакил қилдилар. Кунларнинг бирида биров келиб тўпланган буғдойдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб: “Ҳозир сени Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига олиб бораман”, дедим. У: “Мени қўйиб юборсанг, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман”, деди. Мен: “Қандай калималар экан?” деб сўрадим. У: “Тўшагингга кириб ётганингда: “Аллоҳу ла илаҳа илла ҳувал ҳаййюл қоййум....” оятини охиригача ўқи, ана шунда Аллоҳ тарафидан сени қўриқчи қўриб турадиган бўлади. Тонг отгунча сенга шайтон яқинлашмайди”, деди. Эртасига Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Асиринг кечаси нима қилди?” деб сўрадилар. Мен жавоб бердим: “Ё Расулуллоҳ, у менга бир нарса ўргатди. Аллоҳ у билан сенга манфаат беради, деб ишонтирди”. У зот (алайҳиссалом): “Нима экан у?” дедилар. Мен: “Тўшагимга ётганимда Оятал курсийни ўқисам, тонг отгунга қадар шайтон менга яқинлашмаслиги, Аллоҳ тарафидан мени қўриқчи химоялаб туришига ишонтирди”, деб айтдим. Шунда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост гапирибди. У шайтон эди”, дедилар» (Имом Бухорий).

Юлдуз КОМИЛОВА

тайёрлади.