Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги Аллоҳнинг фазли ёғиладиган тоат-ибодат мавсумларидан биридир. Бу муборак кунлар мусулмон киши учун кўп солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳга янада яқинлашиш учун бир фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бу кунларнинг дунёдаги энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар. Ундан ташқари, Аллоҳ таоло Каломи мажидида: “Тонгга қасам, ўн кечага қасам...” деган (Фажр, 12).

Саҳиҳ қавлларга кўра, оятдаги ўн кечадан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасидир.

Оятда мазкур ойнинг ўн кечаси билан қасам ичилиши ўша кечаларнинг қадри баланд эканидан дарак беради.

Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги фазилати ҳақида ҳадисларда ҳам алоҳида таъкидланган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ушбу ўн кунликда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра севимлироқ амал йўқдир”, дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ривоят лафзи Абу Довудга тегишли).

Ҳадисдаги “ўн кунлик” Зулҳижжа ойининг ўн кунлигидир. Бу нарса бошқа ривоятларда аниқ айтилган. Жумладан, Ибн Ҳиббон ва Абу Авона келтирган ривоятда “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кунлар йўқ”, дейилган.

Бу ўн кунликда солиҳ амалларга тарғиб қилинишидан мақсад шуки, ундаги амаллар Аллоҳ учун энг севимли саналади. Бунинг ҳикмати ва сабаби Ёлғиз Аллоҳгагина маълум. Бандалар буюрилган ишни адо қилишлари билан кўп мукофот ва савобларга эришадилар. Биз Зулҳижжанинг аввалги ўн кунлиги афзал кўрилишидан кўзланган ҳикмат борасида шуни айтамизки, ўша кунларда ҳожилар ҳаж амалларини бажараётган бўладилар, кунларнинг энг улуғи Арафа ва Қурбон ҳайити ҳам айнан шу ўн кунлик ичидадир. Шу сабаб бу вақтда қилинган амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб саналади.

Мусулмон киши тоат-ибодат мавсумларини, шу жумладан, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунини қуйидаги амаллар билан қарши олиши мақсадга мувофиқдир:

1– чинакам тавба:

Мусулмон киши бу кунларни чинакам тавба қилиш ва Аллоҳга тавба-тазарру қилиш учун қатъий азму қарор билан қаршилаши керак. Зеро, тавбада банда учун дунё ва охират нажоти бор. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар” (Нур, 31).

2– Бу кунларни ғанимат билиш:

Шунингдек, мусулмон одам бу муборак кунларни солиҳ амаллар билан обод қилишга қаттиқ тиришиши керак. Ким бирон бир ишга қатъий бел боғласа, Аллоҳнинг ўзи унга ёрдам беради ва унга бу ишни ниҳоясига еткизишга ёрдам берадиган сабаб-воситаларни муҳайё қилади. Ким Аллоҳга содиқ бўлса, Аллоҳ уни муродига еткизади.

3– гуноҳ ишлардан йироқ туриш:

Тоат-ибодатлар бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган сабаблар бўлганидек, гуноҳ ишлар Аллоҳдан узоқлашиш ва раҳматидан қувилиш сабабларидир. Гоҳо инсон қилган гуноҳи сабаб Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади. Бу муборак кунларда ва умуман бошқа кунларда ҳам гуноҳга қўл уришдан эҳтиёт бўлайлик!

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунларнинг дунёдаги энг яхши кунлар эканига гувоҳлик берганлар:

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дунё кунларининг энг афзали ўн кунлик (яъни Зулҳижжанинг ўн кунлиги)дир” (Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Бу кунларда Арафа куни бор.

Арафа – Зулҳижжанинг тўққизинчи куни. У “ҳажжул акбар”, гуноҳлар кечириладиган ва дўзахдан озод этиладиган кун. Агар Зулҳижжанинг ўн кунида Арафа кунидан бошқа фазилат бўлмаганида ҳам, шунинг ўзи унинг фазилатли кунлар саналишига кифоя қилган бўлур эди.

Бу кунларда Наҳр (қурбонлик) куни бор.

Баъзи уламоларнинг наздида Наҳр куни йилнинг энг афзал кунидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳнинг наздидаги энг афзал кун Наҳр куни, сўнгра Қар кунидир”. Абу Довуд ва Насоий ривояти. Наҳр куни Зулҳижжанинг ўнинчи куни, Қар куни эса, Зулҳижжанинг ўн биринчи куни. Бу кунда ҳожилар Минода жойлашганлари учун Қар, (яъни ўрнашиш, жойлашиш) куни дейилган.

Бу кунларда энг улуғ ибодатлар жамланган:

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” асарида шундай дейди: “Афтидан, Зулҳижжанинг ўн куни бошқа кунлардан ажралиб туришидаги сабаб, унда асосий ва улуғ ибодатларнинг жамлангани бўлса керак. Бу улуғ ибодатлар намоз, рўза, садақа ва ҳаждан иборат бўлиб, бошқа кунларда бундай имтиёзлар мавжуд эмас”.

Ҳаж ва умра ибодатини адо этиш.

Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида адо этиладиган энг афзал амалдир. Зеро, Аллоҳ таоло кимга шариатда талаб қилинган тарзда ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни насиб этса, албатта, унинг мукофоти жаннатдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Ҳар икки умрадан охиргиси бу икки умра ўртасидаги (кичик) гуноҳларга каффоратдир. (Шариатда талаб қилинган кўринишда, риё ва гуноҳ аралаштирмай) тоат билан қилинган ҳажга жаннатдан ўзга савоб йўқ” (Муттафақун алайҳи).

Садақа қилмоқ бу муборак кунларда қилиш мустаҳаб бўлган солиҳ амаллар жумласидандир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло садақа қилишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на оқлов бўлмайдиган кун келишидан илгари ҳаёти дунёда сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир” (Бақара, 254). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар: “Мол-мулк садақа қилиш туфайли озаймайди” (Имом Муслим ривояти).

Арафа куни рўза тўтиш мустаҳабдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) арафа куни рўза тутиш ҳақида сўралганларида шундай деганлар: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги бир йил ва ундан кейинги бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Муслим ривояти).

Бироқ ҳажга борган кишига арафа куни рўза тутиш мустаҳаб эмас. Чунки Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Арафотда рўза тутмаган ҳолда турган эдилар.

Юқорида санаб ўтилган солиҳ амаллардан ташқари бу муборак кунларда Қуръон тиловат қилиш ва уни ўрганиш, истиғфор сўраш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш, уларга таом улашиш, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш, тил ва авратни ҳаромдан тийиш, қўни-қўшниларга яхшилик қилиш, меҳмонни иззат-икром қилиш, Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш, йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш, хотин ва бола-чақага нафақа қилиш, етимларни бошини силаш, касалларни зиёрат қилиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловот айтиш каби эзгу амалларни бажариш савобли ишлардандир.

Аллоҳ таоло зулҳижжанинг ўн кунлиги фазилатига эга бўлишимизни насиб этсин.

 

Азамат УСМОНОВ,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири