Аллоҳ таоло бундай амр қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара, 183, 184). 

Ояти каримадан англашиладики, рўза қадимги динларда ҳам бор бўлган ибодат экан.  Фақат бошқа динларда рўзанинг тартиби, куни ва қоидаси турлича бўлган. У фақат Ислом динидагина илоҳий маънони касб этади. Бу илоҳий амрдан кўзланган асосий мақсад оят якунида айтиб ўтилади: “...шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.   

Дастлаб, рўзани истаган одам тутар ёки бунинг ўрнига бир мис­киннинг қорнини тўйдириши мумкин эди. Бироқ кейинчалик бу ҳукм ўзгарди, ким бу ойда ҳозир бўлса, албатта рўза тутиши шарт эканлиги амр қилинди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара, 185).
Рамазон ойида ҳар бир мўмин-мусулмон рўза тутиши лозим. Фақатгина касал инсон, сафардаги киши, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутмаслиги мумкин. Фақат узрли ҳолатни тарк этгач, қазосини ўтайди. Узр­ли ҳолатлар борасида тафсир китобларда, суннати набавияда алоҳида тўхталиб ўтилган. Ояти каримада аввал тилга олинган «бемор»га тўхталсак. Агар беморнинг тузалишдан умиди бўлса, рўза ойида тутмайди, тузалгач, қазосини тутиб беради. Бироқ ёши улғайган кишилар эса фидя берадилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «“...Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир...” ояти кекса чол ва кампирга тегишлидир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар» (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бу ўринда ҳомиладор ва эмизикли аёллар тузаладиган бемор сифатида кўрилади. Яъни ҳомиладорлик ёки эмизиш бартараф бўлгач, бу заифлик аёл кишидан соқит бўлади. Ана шунда аёл тутмаган рўзасининг “...саноғи бошқа кунлардан” ўтайди. Касал одам агар рўза сабабли заифлашса, беморлиги зиёда бўлса, рўзасини тутмайди. Тузалгач, адо этади. 
Рамазони шарифда рўза тутмасликка вақтинча изн берилган яна бир тоифа–бу ойда сафарга чиққанлардир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғзилари очиқ ҳам бўлган. Бас, сафарда ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят  қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ ҳам рўзадорни айбламади” (Имом Бухорий, Имом  Муслим, Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти). 
Аввал бошда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига фарз қилинган рўза ҳозиргисидан фарқли бўлган. Ифтор вақти қуёш ботганидан хуфтонгача эди. Рўзадор хуфтон намозигача ифторлик қилиб олмаса, эртасига ифтор вақти киргунича яна рўзадор ҳолида қолиб кетар эди. Кейин эса “...тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача  еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!..” (Бақара, 187) ояти каримаси нозил бўлди. 
Адий ибн Ҳотим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят  қилинади: “...оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача  еб-ичаверингиз...” ояти нозил бўлганда: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни: бир оқ арқонни, бир қора арқонни қўйганман, кечадан кундузни билиш учун”.
Бошқа бир ривоятда: “Кечасида назар солсам, ажратиб бўлмайдиган-ку!”, дедим”.
У зот (алайҳиссалом): “Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғулиги ва кундузнинг ёруғлигидир”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Насоий ривояти). 
Ояти каримадан англашиладики, рўза тутмоқчи бўлган одам  тонг отгунча  саҳарлик қилиши мумкин.  Тонг отганидан сўнг эса еб-ичишни тўхтатиши вожиб бўлади. 
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Қачон кечаси келиб, кундузи кетса, қуёш ботса, рўзадорнинг ифтори бўлади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминларни саҳарлик қилиб рўза тутишга чорлаганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинг­лар. Албатта саҳарликда барака бордир”, дедилар”(Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти). 
Яна бир ҳадисда эса бир қултум сув билан бўлсин саҳарлик қилишга чорланган. Барча ҳадислардан чиқариладиган асосий хулоса, доимо саҳарлик қилиб, рўза тутишга одатланиш лозимлигидир. 
Шунингдек, ифтор қилиш, уни тезлатиш лозимлиги суннати набавийда  кўп бор такрорланган. Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи  ва саллам): “Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар”, деди» (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти).  
Ҳадиси қудсий: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир”, деди" (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти). 
Яъни, яхшилик хоҳлаган мўмин киши вақти кириши билан ифторлик қилишга чақирилади. Зеро, ифторликни тезлатган киши Холиқи Зулжалолга севимли бўлишдек шарафга ноил бўлади. Шу билан бирга ифтор чоғида дуо қилиш ҳам фазилатли саналади. Бу пайтдаги дуо тўсиқсиз қабул бўлади.  Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон ифтор қилсалар: “Аллоҳумма  лака сумту ва ала ризқика афтарту”, яъни “Эй Аллоҳ, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Табароний ривояти).
Рамазон рўзаси фарз қилинган киши, саҳарликни имкон қадар то бомдод намозигача кечиктириб, ифторни шом вақти кириши билан қилиб тутар экан, юксак фазилатларга эга бўлади.
Рамазон ойининг фазилати, ундан кўриладиган фойдаларни кичик бир мақолага сиғдириш имконсиз. Биз эса ўзимизнинг кўнглимизга самимий ҳислар олиб кирган  хабарларнинг айримларини сизга илиндик. Иншоаллоҳ, уларда тилга олинган улкан ажрлар, савоблар, Аллоҳ таолога маҳбубликни, тақводорликни бу йил тутилажак рўза орқали ҳосил қилсак. Аллоҳ ҳеч биримизни ундан насиба олмаган ҳолда Рамазондан чиқармасин! Руҳимиз покланган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган ҳолда Ийдга етайлик! 
 
 Нигора АБДУМУХТОР қизи 
тайёрлади.