Қурбон ҳайити намози икки ракат вожиб намоздир. Ҳайит намози бундай ўқилади: Жамоат ҳайит намозини ўқишга ҳозир бўлгач, саф тортади ва ҳа­йит намози ўқишга ният қилади. (Ният: «Шу вақтда вожиб бўлган Қурбон ҳайити намозини барча такбирлари билан, шу имомга иқтидо қилиб, юзимни Каъбанинг бир тарафига қаратиб, холис Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим») ва такбири таҳрима айтади (ҳайит намозлари учун иқомат айтилмайди). 
Сўнг сано ўқилади. Кейин имом эшиттириб, қавм ичларида уч бор такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Ҳар такбирда қўллар қулоқлар тўғрисигача кўтарилади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнда тутилади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, имом эшиттириб қироат қилади. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.
Иккинчи ракатда имом қироатни тугатганидан сўнг, рукудан олдин, биринчи ракатда айтилганидек уч бор такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб салом берилади.
Саломдан кейин имом минбарга чиқиб, иккита хутба ўқийди. Биринчи хутбани кетма-кет тўққиз такбир, иккинчи хутбани етти такбир айтиб бошлаши ва иккинчи хутбани ўн тўрт такбир айтиб тугатиши мустаҳабдир.
Ҳайит намозига ғусл қилиб, энг яхши кийимларини кийиб, хушбўй бўлиб бориш суннатдир.
 
ТАКБИРИ ТАШРИҚ 
Арафа кунининг бомдодидан бошлаб (яъни, зулҳижжанинг тўққизинчисидан) ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни зулҳижжанинг ўн учинчи кунигача ҳар фарз намоздан сўнг такбири ташриқ айтиш намозхонлар учун вожибдир. Машҳур такбир ушбудир: “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, валиллаҳил ҳамд”.
Такбири ташриқни шаҳарда муқим бўлиб турган кишилар айтиши вожиб бўлади. Мусофирга уни айтиш вожиб эмас, агар муқимга иқтидо қилган бўлса вожиб бўлади. 
Витр намози, ийд намози ва жаноза намозидан кейин такбир айтилмайди. Фарз намозларининг орқасидан такбирни саломдан сўнг тезда айтиш маъқул амалдир. Орқасидан такбир айтишлиги вожиб бўлган намозларнинг бирортасини қазо қилиб қўйса, у намозини ташриқ кунларидан бошқа кунда қазосини ўқиса ҳам, такбирни айтиб қўяди. Чунки қазо адодан ҳисоб­ланади.
(Яъни, қазо намозларини вақтида ўқиладиган намозлар каби адо қилинади).
Қазонинг ҳукми адонинг ҳукми билан бир хилдир. Агар киши ташриқ кунларида олдинги қазо намозини ўқиса, унинг орқасидан такбирни айтмайди.
 
Собиржон АРЗИҚУЛОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими