“Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни  ҳаж қилиш  (фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97).
 
Ҳажни ният қилган инсон динимиз арконларини мукаммал тарзда адо этиб келаётган гўзал хулқу одобли, энг юксак фазилат эгаси бўлиши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Бас, ким шу (ҳаж) ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилинг (Мендан қўрқинг), эй оқиллар!..” деб марҳамат қилинган (Бақара, 197).
Демак, ҳожи каттаю кичик гуноҳлардан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан ўзини сақлаши лозим. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартлари ҳисобланиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Шуни унутмаслик керакки, ҳаж саъй-ҳаракат билан адо этиладиган ибодатдир. Бунда ҳожи муаззам Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва оралиғида юриш, Жамаротда тош отиш, Арафот ва Мино водийларида бўлиш каби машаққатли вазифани адо этади. Бундай ҳолатда ҳожидан улкан сабр-бардош талаб этилади. 
Мўмин киши молидан, соғлигидан, оиласидан йироқда, машаққатларни бўйнига олиб ҳажга отланар экан, у умрининг энг сермазмун онларини ғанимат билмоғи, диққатини кўпроқ ибодатга қаратмоғи лозим. 
Риё учун, манманлик тарзида қилинган ҳажнинг савоби бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амаллар ниятга қараб баҳоланади”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, ҳаж сафари давомида сабр­ли бўлиш билан бирга зиё­ратчи зиммадаги фарзни адо этиш, гуноҳлардан покланишни ният қилиши керак.
 
Исроилжон ҚИРҒИЗБОЕВ,
Уйчи тумани бош имом-хатиби