“Шарҳус Сунна” китобида баён этилади: «Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)  ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Кимнинг қарамоғида учта қизи бўлса ёки учта синг­лиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”. Шунда бир саҳоба: “Эй, Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи иккита бўлса-чи?”деб сўради. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар».
Қиз бола турмушга чиққунига қадар отаси, ака-­укаси, яқин эркак қариндошлари қарамоғида бўлиши, оила қуриши билан эса унга ғамхўрлик қилиш масъулияти эрининг зиммасига ўтиши маълум. Бироқ ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Тақдир тақозоси билан  турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолган жувонга ким масъул?
Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақа нималигини айтайми?”  “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, жавоб берди у. “Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган  қизингга  марҳамат  кўрсатмоғинг энг улуғ садақадир”, дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)» (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шу ҳадисларидан англаш мумкинки, боқувчисини йўқотган опаси, синглиси ёки қизига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак берган инсон улкан ажрга эга бўлади. Бошига мусибат тушган аёлнинг маҳрамлари  уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, унга тасалли бериб, қўлларидан келганича ёрдам беришлари лозим. 
Қариндошлик алоқаларига риоя этиш, яъни силаи раҳм жамият фаровон бўлиши гаровидир. Шунинг учун шариатимиз аҳкомларида силаи раҳм кенг тарғиб қилинади. Қавм-қариндошлик ришталарининг узилиши Аллоҳ таоло раҳматидан узоқлашишга сабаб бўлиши ҳадисларда ворид бўлган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:  “Кимни ризқу рўзи кенг ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Мўминнинг энг олий мақсади Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш, раҳматига сазовор бўлишидир. Яратганнинг марҳаматига ноил бўлишни истаган банда аввало эзгу амалларни кўпайтириши ва бу ишни биринчи навбатда ўзининг яқинларидан, хусусан, ҳимояга муҳтожларидан бош­лаши лозим. 
 
Мунира АБУБАКИРОВА, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси