“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир. У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушрик­лар) келтираётган ширкдан покдир. У – Яратувчи, (йўқдан) Бор қилувчи, (барча нарсага) Сурат (ва шакл) берувчи Аллоҳдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир (Ҳашр, 22–24).
 
Кўнгил ажиб бир хилқат экан. Барча яқинларинг ёнингда, орзуларинг бирин-кетин амалга ошаяпти. Эҳтиёжинг қадар ҳар бир нарсага эришаяпсан. Бир сўз билан айтганда “Еганинг олдингда, емаганинг кетингда!” Бироқ кўнгилнинг, кўнгил қурғурнинг кемтиклиги битмас экан. Инсоннинг маънавиятини юксалтириш учун изланишлари, яқин дўст қидириши ана шу кўнгилнинг талабидандир. 
Яқинда ўша кўнгил кемтикликларини лиммо-лим тўлдирадиган бир даво топдим. Бу даргоҳи илоҳийда ибодат ўлароқ қабул қилинадиган муножот! 
Кўнглингиз тушуниксиз бир дард билан тўлиб ҳеч кимсага тушунтириб бўлмайдиган туйғулар домида қолганида, майда гап-сўзлар хафа қилганида, охири тугамас эҳтиёжлар ортидан чопа-чопа толиққанингизда, энг асосийси, бир таскин-тасаллига зор бўлиб турганингизда бор дардингизни Яратганга арз этиб кўринг! Қуръони каримда: “Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атанг!..” (Аъроф, 180), дейилади. Шу даъватга кўра муножотни Аллоҳнинг гўзал исмлари ила бошланг.  Бу исмлар маъноларини англаб, улар ортидан маърифат ҳосил қилсангиз, Аллоҳни нақадар яхши танисангиз, муножотингиз кўнглингизга шу қадар осудалик, фараҳ бахш этади.  Шу билан бирга даргоҳи илоҳийда мақбул бўлади, иншоаллоҳ!
 
Аллоҳим! Қодиру Қаҳҳор, Жаббору Ғаффор! 
Холиқсан! Қуёшни, ойни, ер ва осмонларни, унинг орасидаги барча нарсаларни аниқ ўлчов асосида, бутун мавжудотни аниқ низом остида яратдинг.
 
Раҳмонсан! Неъматларни берувчисан! Менга энг улуғ неъматинг – ҳидоятни бердинг! Ўзингга беадад шукрлар бўлсин!
 
Раҳимсан! Латиф неъматларингни мендан ҳеч аямадинг. Кўнглимни шу қадар ҳассос этдингки, бугун зарра қадар яхшилик ҳам, зарра қадар ёмонлик ҳам унга из солади.
 
Саломсан! Нуқсонлардан саломатсан, истаганинг­га тинч­лик ва хотиржамлик, роҳат берасан! Умидим, ана шу Саломлигинг нури менинг ҳам устимда тажалли қилсин! Оиламга, хешу ақраболаримга, фарзандларимга, бутун юртга хотиржамлик индир!
 
Муҳайминсан! Барча яратиқларингнинг ҳар бир ҳолига гувоҳсан! Ақли ожизим ана шу ҳақиқатни унутиб қўймасин! Унутиб қўйганим он илоҳий қудратинг билан буни ёдимга сол! Амрингдан ташқарида юришимга йўл қўйма!
 
Маликсан! Умрим бўйи сенинг мулкинг бўлиб қолай! Мени ўзингдан ўзгага ташлаб қўйма! Сенга қуллигим аслида олий бахт, уни доимо ёдимда тутолсам, чин дилдан бандалик қилолсам, Ғаффорлигингдан насиба оламан.
 
Ваҳҳоб, Раззоқ, Боситсан, эй яратган Эгам! Беҳисоб неъматлар ато этдинг. Менга илм, қобилият, салоҳият бериб, ризқим ва унинг воситаларини қоим қилдинг. Алҳамдулиллоҳ, ризқимни мўл қилганинг каби, кўнглимни ҳам кенг қил! 
 
Фаттоҳсан, эй яратган Холиқи Зулжалол! Бўлган ва бўладиган, аввал ва охирги, ботин ва зоҳир нарсаларнинг барчасини билган Алимлигинг ила раҳмат хазинангни менга, мен қатори барча мусулмонларга кенг оч.
 
Муъизз – азиз қилувчисан! Кимни хоҳласанг, тўғри йўлга солиб азиз этасан! Мени ҳам шундайларинг қаторида қил! Эгри йўлга юриб, хор бўлишдан ўзинг омон сақла! 
 
Самиъсан! Ҳар бир нарсани эшитгувчисан! Бу даҳри дун­нинг шовқинлари ичида ҳам менинг пичирлаган сасимни туясан! Дардимни сенга айтмоғимнинг ҳам кераги йўқ, уни ўзимдан ҳам яхшироқ биласан! 
 
Хабирсан, мен учун нима яхшию нима ёмон, барчасидан хабардорсан!
Сенинг Латифлигингдан умидворман. Лутфинг мен учун энг азиз неъмат. 
 
Адлсан – мутлоқ адолат қилувчисан! Бироқ мен адолатингни сўрашдан хавфдаман. Чунки гоҳида билиб, гоҳида билмай, баъзида эса нафсим кўйига кириб қилган гуноҳларим бисёр. Шу сабаб адлингдан эмас, Ҳалимлигингдан, Азиматингдан, Ғофур ва Шакурлигингдан умидим бор!
 
Ҳафизсан, ҳар бир нарсанинг муҳофазасини комил қиладиган Зотсан, менинг энг олий хазинам – имонимни Ўзинг сақла!
 
Вадуд – барчага яхшиликни раво кўрувчисан, менга Ўзинг яхшилик дея билган барча неъматларингни бер! 
 
Ҳаким – барча нарсани ҳикмат билан қилувчилигинг сабаб бошимга келган ҳар бир синовга сабр этаман. Унинг ортидан мен учун бир хайрни, бир ҳикматни атаганингни ўз исмимни билгандек биламан.
 
Муҳйийсан, Мумитсан! Тирилтирувчи ва ўлдирувчисан, жоним, бутун маҳлуқотлар жони сенинг қўлингда! 
Аллоҳим! Таввоблигинг ила тавбаларимни қабул эт! Самадлигинг ила Қодирлигинг­га – чексиз қудратингга ҳавола қилинган барча ишларни ҳал этгин, Ўзингдан ўзгага юкинмай.
 
Муқсит – мазлумларга нус­рат, золимларга жазо берувчи эканингни ёдимда тутиб, зулм­дан тийилдим. Ўзинг мени бунга қодир айла, жазоингга лойиқ кўрилмай.
 
Ғаний ҳам Муғнийсан! Беҳожатлигингни билганим ҳолда буюрилганим учун Сенга ибодат қиламан. Барча эҳтиёжларимни Ўзинг гўзал тарзда қондир, бандаларинг олдида муҳтожлик тўнини елкамга ёпма!
 
Нофиъ ва Нурсан! Ҳодий ва Бадиъсан! Манфаат берувчисан, Ўзингни танитганинг менга улкан манфаат. Сени танимасайдим, қоронғулик­лар ичра адашиб юрардим. Балки, яхшилик йўлини умрбод излаб сарсари кезардим. Ўз хоҳиш ва фазлинг ила мени ҳидоятга йўлладинг. Рошидсан, тўғри йўлга иршод этишинг – энг катта сарватим. Мени мудом ўзинг ҳифзу ҳимоянгга ол! Ўзгарувчи қалбимни ўз ҳолига ташлаб қўйма! 
 
Аллоҳим, Ўзинг Вориссан! Бутун мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам Сен мангу қолгувчисан! Собур – осийларни азоб­лашга шошилмайдиган буюк Зотсан! Мени ҳам гуноҳларим сабаб мазаммат қилма! Хатоларимни англашим, уларни савоблар билан ювишим учун тавба эшикларини менга кенг оч! Афувв – кечирувчилигинг ва Роъуф – ўта шафқатли ва меҳрибонлигингдан умидим катта!
 
Нигора МИРЗАЕВА