Салмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:  Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): 
“Таомнинг баракаси, ундан олдин  (икки қўлни) ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдадир”, дедилар  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).
 
Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби таомланишнинг ҳам одоблари бор. Улар қуйидагилар:
*Таомланишдан олдин икки қўл ювилади.
*Таом ейишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни айтилади ва ҳар ким ўз олдидан ўнг қўл билан ейиш суннатдир.
Умар ибн Абу Салама (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У зот (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қарамоғларидаги бола эдим, қўлим товоқда (у-бу ёғида) бориб келар эди. Шунда у зот менга: “Эй бола! “Бисмиллаҳ” дегин, ўнг қўлинг билан, ўз олдингдан егин!” дедилар. Ана шундан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўргатганларидек ейдиган бўлдим” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий).
*Улуғ ёшдаги кишилар, олимлар билан бирга таомланганида, уларнинг таом ейишни бошлашларини кутиш юксак одобдир. 
*Таом суяниб ёки ёнбошлаб ейилмайди.
*Қўлдан дастурхонга тўкилган овқат бўлаклари ейилади, идишда таом юқларини тозалаб (ялаб) қўйилади.
*Таом еб бўлганидан сўнг Аллоҳга ҳамд айтиб дуо қилинади. Аллоҳ таолонинг ўзи ризқ берувчи эканини эътироф этиб, унга шукр қилиб, бандалигини изҳор этиб, Ўзига ҳамд айтиб дуо қилиш фазилатдир.
 “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон таомланиб бўлсалар: “Бизни едирган-ичир­ган ва мўминлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
*Таомдан кейин тиш ораларида қолган овқат қолдиқларини тозалаб ташлаш одобдир.
*Таомни ёмонлаш мумкин эмас. Ҳар қандай ҳалол таом Аллоҳ таолонинг бандага берган неъмати, ҳар бир неъмат учун банда Аллоҳга шукр айтмоғи лозим, ношукр инсонгина таомни ёмонлайди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч қачон бирор таомни айбламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилардилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довуд).
*Овқатланишда шошқалоқлик ярамайди.
*Таомни тартиб билан тановул қилинади.
*Керагидан ортиқ ейилмайди. Чунки ортиқча ейиш, биринчидан исроф, иккинчидан, танани ланж, ибодатларга суст қилиб қўяди.
*Таомни бир ўзи емай, бош­қалар билан бирга ейишда барака бор.
*Таом иссиқ бўлса совушини кутиб, кейин тановул қилиш зарур.
*Таомни совутиш учун пуфлаш макруҳдир.
*Таомни ўзига яқин томонидан ейиш одобдир, ўртаси ёки устидан ейиш одобсизликдир.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик туриб сув ичишдан қайтардилар. Шунда: “Таом ейиш-чи?”, дейилди. “У яна ҳам оғирроқ”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Муслим).
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барчамизни Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилиб, ҳисобсиз ажру савобларга эга бўлишни насиб этсин.
 
Тошкент шаҳридаги “Мўйи Муборак” жоме 
масжиди имом ноиби
Аҳмаджон БОБОЖОНОВ
тайёрлади.