Кексалик Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бири. Мўминнинг ёши улғайган сари Яратган наздида даражаси ҳам ошиб бораверади. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бир мусулмон  қирқ ёшга етса, Аллоҳ унинг ҳисобини енгил қилади, олтмишга етганда, тавба қилишга муваффақ қилади, етмишида унга осмон аҳллари (фаришталар) меҳр қўядилар. Саксон ёшга етганида, Аллоҳ унинг яхши амалларини қолдириб, ёмон амалларини ўчириб юборади, тўқсонда эса унинг барча гуноҳларини мағфират қилади, хонадон аҳлларига уни шафоатчи қилади ҳамда осмонда бу одам ҳақида Аллоҳнинг ердаги асири, деб ёзиб қўйилади” (Абу Яъло,  Бағавий). 
Мазкур ҳадиси шариф мўминлик нақадар катта саодат эканига яна бир далил. Қаранг-а, инсоннинг ёши ўтгани сари мақоми ортиб, юксак даражага етар экан. Ана энди ўйлайлик: Яратган  наз­дида шундай мақомга эга бўлиб бораётганларга хизмат қилиб, дуо­ларини олиш нечоғли бахт, нечоғли саодат?! Демак, кексалар, ёши улуғлар борлигидан хурсанд бўлиб, уларни ғанимат билиб, хизматларида камарбаста бўлмоқ бизлар учун беқиёс имкониятдир. Кексалар деганда, биринчи нав­батда ота-оналарни тушунамиз. Ҳадиси шарифда эса ота-онамизга қандай яхши муомала қилсак, фарзандларимиз ҳам бизга шундай муносабатда бўлиши қатъий таъкидланади. Бу таъкидда  кексаларга  кўрсатадиган ҳурмат ва эҳтиромимиз келажакда ўзимизга сармоя экани аён бўлади.  
Кексаликнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Оёқ, бел оғриши, кўз хира тортиб, қулоқ яхши эшитмаслиги... ва ҳоказо. Бу ҳолатларда фарзандлар ёрдамига катта эҳтиёж сезилиши табиий. Шунинг учун ҳар биримиз, мен ҳам кексая­ман, ўшанда фарзанд­ларим, набираларим ардоғида бўлайин, деб ният қилайлик. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эҳсон (эзгуликнинг) мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (ар-Раҳмон, 60). 
Халқимизда “Кичикларнинг каттаси бўлгунча, катталарнинг кичиги бўл” деган нақл бор. Бу ҳикматда кўпроқ катталар даврасида бўлиб, улардан панд-насиҳатлар, йўл-йўриқ, тавсиялар олишга тарғиб бор. Дарҳақиқат, ҳаётий тажрибаси кўп инсонларнинг маслаҳат-тавсияларига қулоқ тутган одам турмуш муаммоларига ечим топишда янглишмайди...
Кексаларни эъзозлайлик, уларга ҳавас қилайлик, дуоларини олайлик. Кексаликдек улуғ неъмат бизларга ҳам насиб этишини Яратгандан сўрайлик. 
Шоир бежиз айтмаган:
 
Кексалик дарахтмас – чириб қувраган,
Кексалик уй эмас – эски, нураган.
Кексалик улкан тоғ – марварид қоя,
Аллоҳим раҳмати билан ўраган.
 
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилоятидаги “Имом Бухорий”
жоме масжиди имом-хатиби