Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида яҳудийларнинг ашуро[1] куни рўза тутаётганини кўрдилар. Сабабини сўраганларида, улар: «Аллоҳ таоло шу куни ҳазрат Мусо ва Бани Исроилни Фиръавн зулмидан қутқарди. Биз Аллоҳнинг шу ишига ҳурматан рўза тутамиз!» – дейишди. У зот (алайҳиссалом): «Биз Мусога сиздан кўра ҳақлироқмиз!» – деб шу куни рўза тутилишини яхши деб топдилар ва: «Яҳудийларга ўхшаб қолмаслик учун ашуро кунидан бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутинг», – деб буюрдилар. Ашуро кунининг фазилати ҳақида бир талай маълумот ва хабарлар бор. Одам (алайҳиссалом) ўша куни яратилгани, шу куни жаннатга киритилгани, шу куни тавбаси қабул қилингани, Аршнинг, Курсининг, кўклар (осмонлар)нинг, ернинг, қуёш, ой ва юлдузларнинг шу куни яратилгани, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг шу куни туғилгани ва Намруднинг оташидан шу куни қутулгани тўғрисидаги ривоятлар шулар жумласидандир.

Имом Байҳақий келтирган ҳадисда бундай дейилган: «Ким ашуро куни оила аъзоларига кенглик яратса, Аллоҳ ҳам бутун йил давомида унга кенглик яратади». Имом Табароний ривоят этган, лекин саҳиҳлиги аниқланмаган бошқа ҳадисда эса бундай келган: «Ашуро куни қилинган бир яхшилик етмиш минг яхшиликка тенг».

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг неваралари Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг ашуро куни қатл этилгани, Аллоҳ наздида унинг қадри ва даражаси юксаклигини тасдиқлайди. Шунингдек, бу Аллоҳ таоло уни пок аҳли байт[2]нинг олий мақомларига дахлдор қилганини кўрсатувчи шаҳидликдир. Ким ашуро куни Ҳусайн мубтало бўлган мусибатни хотирламоқчи бўлса, барча инсонлар фақат ўткинчи эканларини ва ҳамма охир-оқибат Аллоҳ ҳузурига қайтишини ёдда тутиб, тафаккурга берилиши лозим. Рофизийлар, шиалар ва бошқа фирқаларнинг бидъат йўлларига тушмаслиги керак, йиғлаб-сиқтаб, фарёд кўтариб, аза тутишлар тўғри эмас. Чунки бундай хатти-ҳаракатлар мусулмончилик хулқидан эмас. Агар мусулмончилик хулқида дод-фарёд солиб, ўнгу сўлга қарамай ҳар ёққа лаънатлар ёғдириб мотам тутиш бўлсайди, Ҳусайн (розияллоҳу анҳу)нинг бобоси, коинотнинг қуёши – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафоти куни бунга лойиқроқ эди. Аллоҳ таолонинг Ўзи биз учун етарлидир. У Зот нақадар гўзал Вакилдир!

 

Имом Ғаззолийнинг

“Мукошафатул қулуб”

китоби асосида тайёрланди.



[1] Муҳаррам ойининг ўнинчи куни.

[2] Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хонадонига мансуб кишилар.