Динимизда кишилар ўртасидаги тадбиркорлик, ишбилармонлик савдо-сотиқнинг ўзига хос хусусиятлари ва нозик жиҳатларига доир масалалар муфассал баён қилинган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) иршодлари ва буюк уламоларимизнинг мўътабар китобларида савдо-сотиқнинг алоҳида одоблари, кўрсатмалари белгилаб қўйилган. Жумладан:
1. Сидқи муомала. Сотувчи маҳсулотини нави, сифати, жинси, асоси ва харажатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай унинг ҳақиқий сифати билан тавсифлаш.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни бозорда буғдой сотиб турган кишининг буғдойига муборак қўлларини тиқиб кўрсалар, буғдойнинг таги нам экан. Шунда: “Бу қандай бўлди?” деб сотувчига эътироз билдирдилар. Сотувчи эса: “Ҳозир ёмғир ёғиб ўтган эди, шунинг учун нам текканини тагига қўйган эдим”, деб узр айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Нам теккани устида туравермайдими? Кимки хиёнат қилса биздан эмас!” дедилар.
Аллоҳ таоло: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладилар, одамларга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса уриб қоладиган кимсалардир» (Мутаффифун, 1–2).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келган вақтларида у ерда Абу Жуҳайна деган киши бор эди. Унинг 2 та ўлчов асбоби бор бўлиб, бири билан ўзига тортиб олиб, бошқаси билан одамларга тортиб берар эди. Шу боис Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Тарозидан уриш, литрдан, метрдан, ҳажмдан, донасидан уришнинг барчаси ёлғон хисобланади.
2. Муомалада бағрикенг бўлиш. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачон сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақини талаб қилганда ҳам бағрикенг, карамли бўлган одамга Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақ талаб қилиш пайтида мумсиклик қилиш барака келтирмайди. Балки сахийлик сотувчи нархидан оз-моз ўтиб бериши, олувчи маҳсулотни пастга урмай олиши Аллоҳнинг раҳматига, хайр-баракага боис бўлади.
3. Қасам ичишдан тийилиш, гарчи сўзи рост бўлса ҳам. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Савдода кўп қасам ичишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки қасам (молни) ўтказса-да, баракасини ўчиради”, дедилар (Имом Аҳмад ва Муслим).
Баъзи бир савдогарлар ўз молини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, ҳатто қасам ичадилар. Харидорлар уларнинг гапига, қасамига ишониб молини сотиб олади. Аммо келадиган фойда кўп бўлса-да, унинг баракаси бўлмайди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида: “Ростгўй, омонатли тижоратчи набийлар, ростгўйлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар.
4. Бировнинг маҳсулотини ёмонламаслик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):  “Савдода нажш қилманг!” деганлар.
Яъни, нажш – сотувчи томонидан бир одам ёлланиб, келган харидорларга молни қимматроқ сотиш мақсадида ёлғондан унинг кўзи олдида қимматга сотиб олиш.
5. Хайр-эҳсонни кўп қилиб туриш. Қайс ибн Абу Ғарза (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларида “даллол” деб номланар эдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: “Эй тожирлар жамоаси! Албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади, бас, уни садақа ила аралаштиринг!” дедилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд).
Чунки савдогар савдо мобайнида воқеъ бўлиб турадиган камчиликлари, беҳуда гап-сўзларни айтиб ёки ишларни қилиб қўйишлари, ҳатто қасам ичишлари ҳам мумкинлиги ­эътиборидан тез-тез садақа қилиб туришлари каффорат бўлади.
Имом Абу Ҳанифа (розиял­лоҳу анҳу)нинг машҳур шогирдлари Имом Муҳаммад (розияллоҳу анҳу)дан: “Тақво ҳақида бир китоб ёзсангиз”, деб илтимос қилганларида, у киши: “Ёзиб қўйганман-ку” дедилар. Шунда: “У қайси китоб?” дейишганда. “Китобул байъ” (“Тижорат китоби”) деб жавоб берган эканлар.
Ҳозирги кунда юртимизда тадбиркорларимизга кенг имкониятлар берилганлиги боис, улар халқимиз эҳтиёжлари, талабларини қондирадиган ҳар турли маҳсулотларни ишлаб чиқаришяпти, ўзимизда кам учрайдиган маҳсулотларни эса дунёнинг қайси жойидан бўлса ҳам топиб келтириб, бозорларимизни тўлдириб туришибди. Шундай машаққатлар билан ҳалол касб орқали топган маблағларидан кексалар, болалар уйига, мактаб, боғча каби муассасаларга ёрдам бериб келмоқдалар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳалол ризқ топиш фазилати ҳақида бундай дедилар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни у Аллоҳ таолога юзи ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”, дедилар (Абу Нуъайм ривояти).
 
Тошкентдаги“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби 
Илҳомжон Мадалиев
тайёрлади.