“Омин” сўзи луғатда “ижобат қил” маъносини билдиради. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан оминнинг маъноси ҳақида сўрадим. У киши: “Ижобат қил”, дедилар». “Омин” дуодир. Мўмин “омин” дейиш билан дуолари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан тилайди.
 
Фотиҳа сурасидан сўнг “омин” дейиш суннатдир.
Фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг “омин” дейишни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) ўргатган. Абу Майсара (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Жаброил (алайҳиссалом) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фотиҳа сурасини ўқитдилар. У киши: “Валаз золлийн”, деганларида, “омин”, денг, дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омин”, дедилар» (Ибн Абу Шайба, Байҳақий).
Фотиҳа сурасини ўқигандан сўнг “омин” дейиш Аллоҳнинг муҳаббатига боисдир. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имом «Ғойрил мағзуби алайҳим валаз золлийн», дегач, “омин” денглар, Аллоҳ сизларни яхши кўради”, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд).
Фотиҳа сурасидан сўнг, мазҳабимизга кўра, овоз чиқармай, ичда “омин” дейилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Биронтангизнинг намозда (Фотиҳадан сўнг) “омин” дегани фаришталарнинг “омин”, дейишларига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қайси бир жамоа йиғилиб, бирлари дуо қилиб, қолганлари “омин” деб туришса, Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини албатта ижобат қилади», деганлар (Табароний ва Ҳоким ривояти). 
 
Жамшид ШОДИЕВ
тайёрлади.