Шовқинли кўчалар, уловлар сурони, зарарли тутунлар...
Кераксиз шошқинликлар, сабабсиз хавотирлар, 
охири йўқ эҳтиёжлар...
Норозиликлар, бурилган лаблар, жийрилган бурунлар, туганмас шикоятлар...
Туғилган кун тадбирлари, битирув оқшомлари, дабдабали тўйлар...
Исталган нарсани топиш мумкин бўл­ган савдо марказлари, Самуд қавмининг ҳасадини келтирадиган осмонўпар бинолар, Эрамни соясида қолдирадиган майдону хиёбонлар...
 
Буларнинг қоқ ўртасида юрагимиз бор – ҳаёт учун курашаётган, тобора суръати пасаяётган, шунда ҳам уришга уринаётган, вазифаси фақат вужудимизга қон етказиб беришгина бўлмаган юрагимиз бор. Жон қулоғимизни тутсак, овозини эшитишимиз, оғриқларига гувоҳ бўлишимиз мумкин...
Бунинг учун қулоқликларимизни, қора кўзойнакларимизни ечайлик, бир муддат экранлардан узилайлик, ҳаётимизга теранроқ назар солайлик. Илоҳ қилиб олмаслигимиз хусусида Раббимиз бизни огоҳлантирган ҳавойи нафсимизнинг борган сари қанчалар баланд парвоз қилаётгани ҳақида ўйлайлик. Кўкрак қафасимизда асирдек қийналаётган юрагимиз нега бу қадар заиф экани; нега торайиб бораётгани; нима сабабдан унга ҳеч ким сиғмай қолаётгани ҳақида мулоҳаза қилайлик. Юрагимиздан на беғубор нигоҳли гўдакларга, на қўллари қадоқ қарияларга ва на ўксик етимларга жой бермаётганимиз сабаби тўғрисида фикр юритайлик. Ва шоирнинг давримизга қўйган “юрак етишмовчилиги” ташхиси қанчалик ҳақ эканини тан олайлик.
Чиндан ҳам, ҳар биримизнинг хасталигимиз бир – юрагимиз ҳеч кимга етмайди, ундан бировга паноҳ беролмаймиз. Чунки дунёмизни ўзимиз ва ўзимизга оид бўлган нарсалар тўлдирган, шу сабабли ҳам бошқа нарса сиғмайди. Ўзимизни расмга олиш билан шу қадар бандмизки, бировнинг дардини олишга тоқатимиз йўқ. Ҳеч қандай қайғу иштаҳамизни бўғолмайди, ҳеч қандай мусибат роҳатимизни бузолмайди, бирор кимса бизни хафа қилишига йўл қўймаймиз. Ўзидан бошқа ҳеч кими бўлмаган хилқат ҳолига келдик. Юрагимиз тобора қуриб, саҳрога айланмоқда, унумсизлашмоқда, ўзимизга, атрофимиздагиларга мусаффо ҳаволар таратгувчи яшил водийлари йўқолиб бормоқда. Дардмандларга дармон бўлолганимизда, йиғлаганларга қўшилиб кўзёш тўколганимизда, бурда нонимизни муҳтожлар билан баҳам кўролганимизда эди, шундай бўлмасди.
Раббимиз заиф, ожиз, ғариб-мискин­ларни Каломи шарифида зикр этади; уларга ёрдам берувчиларни мақтайди, бу иш учун мукофотлар ваъда қилади. Биз эса Аллоҳ Китобига ғафлат назари билан қараймиз. Кўп еймиз, кўп гапирамиз, кўп ухлаймиз, кўп унутамиз. Ҳиссизлик, лоқайдликдан деярли ҳалок бўладиган ҳолга келдик. Ваҳоланки, бошқаларнинг тўғри йўлга кириши учун ҳар қандай фидойиликка тайёр турган Пайғамбар (алайҳиссалом)га умматмиз. Яримта хурмони ҳам муҳтожга илинишни камситмаган, қарздорга, беморга, кексага ёрдам қўлини чўзишга тарғиб қилган раҳмат элчиси (алайҳиссалом)нинг йўлидамиз (Имом Муслим). Набийимиз (алайҳиссалом) орамиздаги заифлар сабабли ризқ берилишини эслатган, зулм ҳаром­лиги­дан огоҳлантирган (Имом Бухорий). Жанобимиз (алайҳиссалом) дас­турхонидан Абдуллоҳларга, Анасларга жой берган, етимнинг қорнини тўйдирган, муҳтожга қучоқ очганлар. У зот (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) икки кишилик овқати бўлган кимса учинчи одамни, тўрт кишилик озуқаси бор эса бешинчи одамни меҳмон қилишини истардилар (Имом Бухорий). Саҳобаларга шўрванинг сувини кўпайтириб, қўшниларга ҳам тарқатишни тавсия қилардилар (Имом Муслим). У киши (алайҳиссалом) қўшниси оч мўминнинг тўқ ҳолда ухлашини қоралаганлар (Ибн Аби Шайба). Биз эса дунёнинг қай бурчак­ларида неча инсонлар очликдан ухлолмаётганини билганимиз ҳолда... Умматнинг қанчалаб етимлари совуқдан қалтирайди, бизнинг юрагимизда эса уларни иситишга ҳарорат йўқ...
Тузалишни истамаймизми? Бизни ўраб олган бўшлиқдан, зерикишлардан қутулишни хоҳламаймизми? Хоҳлаймиз, тўғри эмасми? Шундай экан, набавий насиҳатларга бўйсуниб, биздан нажот кутганларга паноҳ бўлайлик, улар учун дуо қилишдан эринмайлик. Ғафлатдан қутулиб, юрагимизни кенгроқ қилсак, ўзимиздан ортиб, бошқаларнинг дардида яшашни ҳам ўргансак, ичимиздаги қовжироқ водийларимизни тирилтира оламиз. Гўдакларнинг маъсум юзларига табассум бахш этолсак, юрагимизда ҳаммага етадиган даражада жой борлигини англаймиз. Шунда шовқинли кўчалар, осмонўпар бинолар орасида сиқилиб қолган қалбимиз эркин нафас олади. Биз одамларга, одамлар бизга кераклигини ҳис қиламиз. Шунда кулранг туслар, қора ранглар кетиб, олам кўз олдимизда камалак рангларида жилолана бошлайди.
 
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.