Азал-азалдан ўзбек халқи қўни-қўшничилик ҳақларига риоя этиб, меҳр-оқибат занжирларини маҳкам тутган ҳолда яшашга одатланган. Бу урф-одатнинг асли эса динимизнинг гўзал ҳаётбахш кўрсатмаларидир. Ислом таълимотида ҳар бир жабҳада бўлгани каби қўшничилик муомаласида ҳам эътиборли ва муло­йим бўлишга чақирилади. Бу борадаги ҳадиси шарифларда қўшничилик ҳақлари, мажбуриятлари ва уларга амал қилиб қозониладиган савоб ёки бу ҳақлар адо этилмаганида елкага тушадиган гуноҳлар тўғрисида атрофлича эслатилади.
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жуда кўп ўринларда ўз умматларини қўшниларга нисбатан сабрли бўлишга, шунингдек, уларга яхши муомала қилиб, хайр-эҳсон ва ҳадя­лар улашишга чорлаганлар.
Шунингдек, уламоларимиз ҳадиси шариф ва Қуръондаги бу борадаги ояти карималарни ўрганиб чиқиб, қўшничилик вазифаларни аниқлаб берганлар: Улар қуйидагилардир:
• Қўшни билан учрашганда саломлашмоқ,
• гаплашганда гапни чўзмаслик,
• кўп савол бермаслик,
• касал бўлганда кўргани бориш,
• бошига мусибат тушганда таъзия билдириш,
• севинчли онларида қутлаш,
• уйининг олдига ахлат ва супуринди тўкмаслик,
• ҳақроҳа (ўтиш йўллари)ни торайтирмаслик,
• бирон баҳона билан уйига қарамаслик,
• қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик,
• ўзи йўқлигида уйини қўриқлаш.
Бу бурчлар ҳақида ҳадиси шарифларда эслатиб ўтилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Биласизми, қўшнининг ҳақи нима? Ёрдам сўраса ёрдам берасиз. Қарз сўраса қарз берасиз. Камбағаллашса, рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса, зиёратига борасиз. Омад кулиб боқса, уни қутланг. Бошига мусибат тушса, таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйин­гизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади", деган эканлар. (Имом Байҳақий ривояти)
Яна бир машҳур ҳадисда бундай дейилган: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим” (Имом Ахмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Қўшничилик ҳаққи шу қадар аҳамиятли эканидан у ҳақида бот-бот такрорланмоқда. Шундай экан, мўмин-мусулмон киши, бу бурч ва мажбуриятларни тўғри англаб олмоғи ва уларни ўташ йўлида жидду жаҳд кўрсатиши лозим. 
 
Камолиддин АБДУЛЖАМИЛ,
меҳнат фахрийси.
Сурхондарё вилояти