Қуръони каримда “илм” калимаси 80 ўринда зикр қилинган.  Илм сўзидан ясалган калималар эса юзлаб ўринларда келади.  Илм билан боғлиқ “фикр” сўзи ва ундан ясалган калималар 18 маротаба, “фиқҳ” сўзи ва ундан ясалган калималар 21 марта, “ҳикмат” сўзи эса 20 марта такрорланади.

Шу рақамларнинг ўзиёқ илм­нинг Ислом динидаги ўрни нақадар беқиёс эканини ифода этади.

Қуръони каримнинг илк нозил қилинган сурасининг биринчи оятида ҳам ўқишга буюрилади: «Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан!» (Алақ,1). Шунингдек, Каломуллоҳда илмли инсонларнинг даражоти юксак бўлиши алоҳида таъкидланади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартабаларга) кўтарур» (Мужодала, 11).
Ҳадиси шарифларда ҳам илм олишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Фаришталар толиби илмнинг қилаётган амалидан рози бўлиб, унга қанотларини қўядилар. Албатта, олим учун осмонлару ердаги нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обидга нисбатан фазли – ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқ эканига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақатгина илмни мерос қилиб қолдирганлар, холос. Ким илм олса, улкан насибани қўлга киритибди” (Имом Аҳмад ривояти).
Яҳё ибн Муоз: “Уламолар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига оталари ва оналаридан ҳам меҳрибонроқдирлар”, деди. Шунда: “Қандай қилиб?” деб сўрашди. У зот: “Чунки ота-оналари фарзандларни дунё оловидан сақлайдилар. Уламолар эса охират оловидан сақлайдилар”, деб жавоб берди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: “Инсоннинг илмга бўлган эҳтиёжи ичимлик ва таомга бўлган эҳтиёжидан кўпроқдир”. 
Шундай экан, ҳар бир киши илм олишга интилиши ва олган илмига амал қилиши лозим. "Бешикдан қабргача илм изла", деб бежиз айтилмаган. Илм олиш учун махсус вақт, ёш талаб қилинмайди. Кишида иштиёқ, ихлос билан ҳаракат бўлса, бас, Аллоҳ таоло унга илм олиш йўлларини осон қилиб қўяди. Дунёдаги энг ёмон нарса билимсизлик – жаҳолатдир. Зеро, илм инсонни зулмат қаъридан ёруғлик сари етак­лайдиган маёқдир.
 
Абдураҳим ТУРСУНОВ, 
Наманган вилояти “Машҳад Мозор” жоме масжиди имом-хатиби