Аллоҳ таолонинг розилигини топишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, яъни амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши қийин. Шунинг учун машойихларимиз: “Ким нимага эришса, фақат одоб билан эришади”, деганлар.
Баъзи кишилар одамлар билан юзма-юз турганида одоблидек кўринишга уринади, лекин ёлғиз қолганда эса кўнглига келган беодобликни қилаверади. Демак, у одобни хўжакўрсинга қилади.
Одоб инсоннинг зийнатидир. Шунинг учун ҳам ота-оналар фарзандларига, устоз шогирдларига одоб ўргатишлари керак.
Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобга амал қилган кишиларга ажр – савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий этилган.
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тарозида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса йўқдир”, дедилар.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилинглар”, деганлар.
Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар.
Шундай экан, ахлоқ-одобли, бир-биримизга меҳр-муҳаббатли бўлайлик.
 
Илҳомжон МАДАЛИЕВ,
Тошкет шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби