Сиз неча йил умр кечирдингиз? Ҳаётингизнинг қанча қисми одамлар билан мулоқотда ўтди? Неча марта ёлғон гапирдингиз, неча марта ўз-ўзингизни, ота-­онангизни, умуман, сиз билан суҳбатда бўлган, сиздан бирор саволнинг жавобини сўраган одамларни алдадингиз? Бирор марта ростгўй бўлишнинг фойдалари ва ёлғончиликнинг зарарларини ҳис қилдингизми? Ёлғон гапириб, бу алдовингиз фош бўлганида мулзам бўлиб қолмаганмисиз? 
Агар шу саволларимизга: «Мен бирор марта ҳам ёлғон гапирмаганман, фақатгина дўстларим ўртасини ислоҳ қилиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаш учун ёлғон ишлатганман», деб жавоб беролсангиз, мўмин экансиз, тўғри тарбия олган экансиз. 
Кимки қалбини имон учун холис ва соғлом, тилини ростгўй, ўзини хотиржам, хулқини тўғри, қулоғини ҳақни тингловчи, кўзини ибрат назари билан боқувчи қилиб олган бўлса, демак, у бахтлидир. 
Мунофиқлик белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш. 
Гапларнинг ёмони ёлғончиликдир. Уни ҳазил билан ҳам, жиддий ҳам гапириб бўлмайди. Ростгўйлик эзгуликка бошлайди, эзгулик эса жаннатга, ёлғончилик ёвузликка бошлайди, ёвузлик эса жаҳаннамга. Ростгўй одамга яхши баҳо, ёлғончи одамга ёмон баҳо берадилар. Ростгўй одам чин сўзи билан Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (сўзида содиқ) деб ёзиб қўйилади. Ёлғончи  эса Унинг ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади.
Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғоннинг охири вой. 
Ростгўйлик инсонни очиқлик ва ваъдага вафо қилиш каби кўп фазилатлар билан сифатланишга чақиради. Барча эзгуликларнинг, хайрли ишларнинг боши ҳалолликдир.
«Ҳалол бўлсанг, яшай олмайсан» каби пуч гаплар оғзига кучи етмаган, бўйни меҳнатга ёр бермайдиган маҳмадоналарнинг чала хулосаси эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳалол луқма томоғингизга тиқилмайди, жиғилдонни қайнатмайди, уйқунгизни қочирмайди. Ҳар нарсанинг ҳалоли бўлсин, деб бежиз айтишмайди. 
Ёлғончилик инсонни пасткашликка ундайди, пасткашлик эса жиноят сари етаклайди. Ёлғончи ўзининг манфаати учун кўрмаган нарсасини “кўрдим” дейди, ишининг оқибати ҳақида ўйламайди. Эй инсон! Сен бирор нарса ҳақида хабар бермоқчи бўлсанг, аввало ўйла, шошилма, кўрганларингнинг айнан ўзини баён қил, ўз мақсадингни назарга олган ҳолда ортиқча сўзларни қўшма, шубҳали нарсаларни ростдек қилиб гапирма. Оқибат натижада ҳеч кимга зарар тушмаса ҳам, сен зарарга тушасан, одамлар ичида обрўйинг кетади, сенга  ҳеч ким ишонмай қўяди.
 
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ