Оила мустаҳкам ва баракали бўлиши учун динимизнинг гўзал кўрсатмалари бор. Улардан айримларини кўрсатиб ўтамиз:

1. Эр-хотин бир-бирлари учун зийнатланишсин. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аёлим мен учун зийнатланишини яхши кўрганимдек, мен ҳам аёлим учун зийнатланаман”.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг олдиларига сочлари тўзиган бир киши аёли билан келди. Аёл эридан норози эди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) эркакни уст-боши, сочларини тузатиб келиш учун жўнатдилар. Ювиниб, энгил-бошини ўнглаб, чиройли бўлиб келган эрини кўриб, хотин мамнун бўлди.
2. Эр-хотин бир-бирларининг қарин­дошларини ҳурматлашсин. Чунки умр йўлдошининг яқинларига яхши муносабатда бўлиш жуфти ҳалолига нисбатан ҳурматдир.
Шу ўринда бир мулоҳазамиз бор. Дини­мизда ҳақорат қилиш, сўкиниш қаттиқ қораланади. Бироқ кейинги пайтда кўпчилик бундан ҳазар қилмай қўйди. Айниқса, аёлини, унинг яқинларини сўкиш айрим эркакларнинг одатига айланиб қолган. Ваҳоланки,  эркак учун аёлининг ота-онаси ҳурматда ўз ота-онаси билан баробардир.
3. Эр-хотин бир-бирларига чиройли муо­мала қилишсин. Киши хонадонига очиқ юз ва табассум билан кириб келса, жуфтининг қалбига сурур тўлади. Кўпинча аёлларнинг шикояти қулоғимизга чалинади: “Эрим дўстлари даврасида доим хушчақчақ, уйда эса хўмрайиб юради”. Бу – кўпчилигимизга таниш ҳолат. Баъзилар дўстлари билан гўзал муносабатда бўлишади. Бироқ уйга келганда жиддий кўринаман деб, аҳли ­аёли, фарзандларига қўпол муомала қилади. Бу эса оилада дилхираликларни келтириб чиқаради. Шундай экан, уйда табассумли, очиқ чеҳрали бўлиш мақсадга мувофиқ.
“Қарс – икки қўлдан”, дейдилар. Аёлининг салом бериб кутиб олиши, табассум билан айтган  бир оғиз “Яхши келдингизми?” деган сўзи, олдига меҳр билан тайёрланган таомларни қўйиши эр учун уйини ҳақиқий ҳаловат масканига айлантиради.
4. Умр йўлдошини унга хуш ёқадиган исмлар билан чақиришсин. Чунки бу қалбга шодлик бахш этишнинг осон йўли. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Уч нарса биродаринг меҳрини қозонтиради: йўлиққанингда салом беришинг, мажлисларда ҳурмат кўрсатишинг ва унга энг маҳбуб исмлар билан чақиришинг”.
Ҳанафий уламолар айтади: “Киши ота­сининг исмини айтиб чақириши ва аёл киши эрининг исмини айтиб чақириш макруҳдир” (“Ҳошияту ибн Обидин”). Лекин баъзан аёллар эрининг исмини айтиб, “фалончи ака, пистончи ака”, дейишларига гувоҳ бўламиз. Бу эса динимиз, миллий қадриятларимизга ҳам ёт иш. Эрининг исмини айтмасдан, унинг кўнглига ёқадиган бирор ном ёки болалари бўлса, бош фарзанднинг исми билан чақириш момоларимизга хос одоблардандир.
5. Эр аёлига уй юмушларида кўмак­лашсин. Бу, айримлар ўйлаганидек, эркакнинг шаънини ерга урмайди. Аксинча, меҳрибонлик, шафқатнинг бир кўриниши бўлиб, бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларида ўрнаклар кўп. Ривоятларда у зот (алайҳиссалом)нинг ки­йимларини, пойабзал ва мешларини ўзлари ямаганлари айтилади.
6. Эр-хотин арзимас нарса устида хусуматлашмасин. Хусумат шундай иллатки, қаерда тарқалса, ўша жойни хароб қилади. Турмушда келишмовчиликлар юз бериши, эрдан ҳам, хотиндан ҳам хатолар содир бўлиши табиий ҳол. Бундай пайтларда икки томон ҳам сабрли ва кечиримли бўлиши зарур.
Бир киши хотини билан гап талашиб қолиб, унга қўл кўтарди. Бундан хабар топган отаси сабабини сўради. У: “Овқатга туз cолишни унутгани учун”, деди. Оқил ота: “Хотининг унутган бўлса, ўзинг солиб қўя қолганинг урганингдан маъқулроқ эди-ку!” деб айтди. Шундай оддий нарсадек кўринган сабаблар устида жанжаллашиш уйдан барака, эр-хотин ўртасидан муҳаббат кўтарилишига олиб келади.
7. Эр-хотин айбу нуқсонларини бир-бирларининг юзларига солишдан сақланишсин. Бу ишнинг фазилатли экани манбаларда тез-тез тилга олинади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара, 187); Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади”, дедилар» (Имом Муслим).
8. Эр-хотин бир-бирлари билан маслаҳатлашишсин. Эрнинг аёли билан кенгашмоғи жуфтини хурсанд қилади. Аёл эри олдида қадри борлигини ҳис этади. Эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Бу хусусда ҳам энг гўзал мисолни Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаётларидан топамиз. Ҳудайбия сулҳи имзолангач, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга: “Туринг, қурбонликларингизни сўйинг ва сочларингизни олдиринг!” дедилар. Аммо бу амрни уч марта қайтарсалар ҳам, бирор киши ўрнидан турмади. Асҳобнинг бу ҳаракатига, улар назарида, шартлари оғир бўлиб кўринган сулҳ сабаб бўлган эди. Набий (алайҳиссалом) бу ҳолдан хафа бўлдилар. Завжалари Умму Саламанинг чодирига кирдилар ва воқеани айтдилар. Умму Салама (розияллоҳу анҳо): “Ё Расулуллоҳ! Ташқарига чиқинг. Бир оғиз сўз айтмай қурбонлигингизни сўйинг, соч олувчингизни чақиринг, сочингизни олсин! Асҳоб сизни кўриб, ортингиздан эргашади!” дея у зот (алайҳиссалом)га тасалли бердилар. Расули акрам (алайҳиссалом) маслаҳат қилинганидек иш тутдилар. Саҳобалар ҳам у кишига эргашишди.
 
Бадихон БАРАТОВ,
Чироқчи тумани “Уймовут ота” жоме масжиди имом-хатиби