“Таваккул” сўзи луғатда ўзгага суяниш, топшириш, таслим бўлиш маъноларини англатади. Шариатда эса таваккул Аллоҳга ишониш, Унинг ҳукми бўлишига имон келтириш, амалида керакли сабаб (восита)­ларни тутишда (қўллашда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашишдир.

Таваккул – Аллоҳга ишониш, барча ишларда Унга суяниш вожибдир. Қуръони каримда бундай буюрилган: «(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 159); «Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!» (Оли Имрон, 122).

Олимлар Аллоҳга таваккул қилиш ва ризқ излаш, душман ва касалликлардан ҳимояланиш бир-бирига зид эмаслигини таъкидлашган. Фақат воситаларнинг ўзи фойда ҳам, зарар ҳам келтиролмаслигига ишониш, сабаб ва натижа Аллоҳ таолонинг феъли ва Унинг хоҳиши билан бўлишига имон келтириш зарур.
Саҳл (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ким таваккул амал қилишни тарк қилиш билан бўлади, деса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини қадрламаган бўлади”.
Жумҳур уламолар ҳақиқий таваккул сабабларни (воситаларни) қўллаш билан бўлади, сабабларни қўлламай таваккулни даъво қилиш, шариатни билмаслик ва ақлнинг ноқислигидир, дейишган.
Умар (розияллоҳу анҳу): «Ҳеч бирингиз ризқ топиш учун ишламай, “Ё Аллоҳ, менга ризқ бер!” (бекор) деб ўтирмасин. Биласизларки, осмондан тилло ҳам, кумуш ҳам ёғмайди», деганлар.
Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида ривоят қилади: «Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Туямни боғлаб, туваккул қилайми ёки уни қўйвориб таваккул қилайми?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Боғла ва таваккул қил!” дедилар».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирингиз арқонини олиб, бир боғ ўтин териб келиб сотгани, шу билан Аллоҳ уни тиланчиликдан сақлагани одамлардан тиланганидан яхшироқдир. Одамлар унга ё берадилар ё бермайдилар” (Имом Бухорий ривояти); “Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар, Аллоҳ қандай дард берган бўлса, унинг шифосини ҳам бергандир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
У зот ҳақиқий таваккул тўғрисида бундай деганлар: “Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди, сизларни ҳам худди эрталаб оч кетиб, кеқурун тўқ қайтган қушлар каби ризқлантирган бўлар эди” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти). Бу ҳадисдан таваккулнинг ҳаракат қилиш билан бўлиши англанади. Чунки у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қушларнинг эрталаб ризқ излаб кетишини, кечқурун эса, тўйиб қайтиб келишини айтдилар.
 
Жамшид ШОДИЕВ 
тайёрлади.