“Тавба” сўзи қайтиш маъносини англатади. Истилоҳга кўра эса гуноҳ қилгани учун пушаймон бўлиш, гуноҳ ишни ташлаш, гуноҳдан узоқлашиш, гуноҳга қайта қўл урмасликка аҳд қилиш тавбадир. Имом Ғаззолий тавбага бундай таъриф берган: “Тавба – гуноҳнинг қанчалик оғир эканини билиш, надомат қилиш, дарҳол ва кейин ҳам ўша гуноҳни қилмасликка қатъий аҳддир”.
 
Гуноҳига надомат қилиш­­нинг ўзи ҳам тавба дейилади. Шунинг учун, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Надомат тавбадир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Надомат – қилинган гуноҳга қалбдан алам чекишдир.
 
Тавбанинг шартлари
Олимлар тавбанинг тўрт шарти бор дейишган: гуноҳни дарҳол тарк қилиш; олдин қилган гуноҳи учун афсусланиш; унга умуман қайтмасликка қасд қилиш; агар бирор одамнинг ҳақини поймол қилган бўлса, унга ҳақини қайтариш, уни рози қилиш.
Гуноҳ ишни қилиб қўй­ганига Аллоҳ учун надомат қилиш керак. Агар ўзига, обрўсига, мол-мулкига етган зарар сабабли надомат қилса, бу надомат тавба ҳисобланмайди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Гуноҳдан тавба қилган киши худди гуноҳи йўқ киши кабидир” деганлар (Ҳаким Термизий ривояти). Шунинг учун, гуноҳига тавба қилган киши ундан пок бўлади.
 
Чин (насуҳ) тавба
Аллоҳ таоло мўмин­ларни чин тавба қилишга буюрган: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!» (Таҳрим, 8). Ҳазрат Умар, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳум)дан ривоят қилинади: “Чин тавба – тавба қилганидан сўнг асло гуноҳ қилмаган кишининг тавбасидир”.
Чин тавбага тўрт нарса билан эришилади: қалб билан афсусланиш, тил билан истиғфор айтиш, қайта гуноҳ қилмасликка қасд қилиш, ёмон шериклардан узоқлашиш.
 
Тавбанинг ҳукми
Гуноҳдан дарҳол тавба қилиш фарздир. Бу дин асосларидан бири, соликлар манзилларининг аввалидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Барчангиз Аллоҳ­га тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз» (Нур, 31).
Жамшид Шодиев 
тайёрлади.