Бу синов дунёсида турли имтиҳонларга дуч келамиз. Баъзида кўзимизга фойдали кўринган иш оқибатда бизлар учун бало бўлиб чиқади. Баъзида эса мусибатдек туюлган иш биз учун манфаатли, ҳақиқий маънодаги неъмат бўлиб чиқади.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «...Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар» (Бақара, 216).
Инсоннинг табиати шундай – машаққатни ёқтирмайди. Лекин динимиз доимо одамларга хуш ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга икки дунёда бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади.
Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар айтадилар: “Биз қийинчилик синовига учраганимизда сабр қилдик, аммо осонлик синовига учраганимизда сабр қилолмадик”.
Бир ўртоғим машина таъмирлайдиган устахонада ишлайди. У одатига кўра арзимас нарсага асаби бузилиб ишлаб турганида, “Тико” автомашинаси кириб келади. Ундан тушган ҳайдовчи ўртоғимнинг ҳолатини сезиб, елкасига қўлини қўяди. Босиқлик билан бундай дейди: “Дунёнинг ишлари сиқилишга арзимайди. Ибрат учун бошимдан ўтганларни айтиб берай, майлими? Аллоҳ менга яхши иш, оила. фарзанд берди. Топишим кундан кунга кўпайиб борарди. Ошна-оғайниларим атрофимда гирдикапалак. Янги уй қурдим, энг олди улов миндим. Ҳар куни улфатлар билан айшу ишрат қилар, уйда деярли овқатланмасдим.
Нима бўлди-ю ишларим орқага кетди. Юрғизиб турган корхонам зарарга кириб, ҳатто ўтирган уйим, миниб турган машинам мусодара қилинди. Қарасам, ўзим ҳам жабр чекадиганман. Ўша куниёқ ҳамма нарсамдан воз кечиб, чет элга чиқиб кетдим. Икки йилга яқин Ватандан йироқда юрдим. Яқинларимни қўмсар, ота-онам, оиламни қаттиқ соғинардим. Мусофир юртда қилган хатоларимни эслаб, кечалари йиғлаб, тавба қилардим. Беш маҳал намозни ҳам бошлаб юбордим. Ибодат қиларканман, қалбим хотиржам тортарди. Бир куни Аллоҳга таваккал қилиб Тошкентга қайтдим. Қилмишларимни давлатимиз кечирибди, фақат жарима тўлашим кераклигини айтишди. Айтилган миқдордаги пул менда йўқ эди. Ҳаддим сиққан яқин улфатларимдан қарз сўраб бордим, улар эса ўзларини олиб қочишди. Ҳам­масини тушундим. Фақат Яратганга умид боғладим. Ҳалол пул топиш йўлини излаб, охири мана шу “Тико”ни ижарага олдим. Секин-аста қарзларимдан қутулдим. Ҳозир оилам билан бир уйда ижарага яшайман. Фарзандларим билан бир дас­турхон атрофида ўтириш қандай мароқлигини энди англаб етдим. Киши учун оила аъзоларидан кўра яқин киши йўқ экан. Ҳозир ҳар кунлик топганимнинг бир қисмини машина ва уй ижарасига тўлайман, қолганини рўзғорга ишлатаман. Лекин шу ҳолатимдан мамнунман, хотиржамман. Чунки таним соғ, ҳалол касб билан оила боқяпман. Энг асосийси, беш маҳал намоз канда бўлмайди. Қўлимдан келганча ота-онам хизматларини қилиб дуоларини оляпман. Айтмоқчи бўлганим, бошимга тушган, мен мусибат деган бу синов, аслида, мен учун Яратганнинг неъмати бўлиб чиқди. Чунки инсон ўзи учун нима яхши ёки нима ёмон эканини билмас экан. Шунинг учун кўпам куюнаверманг, уста!”
Биз, мусулмонлар, икки дунё саодатини умид қилган бандалармиз. Шу сабабли ҳам бирор қийинчилик етса, сабр қилиб, яхшилик келса, шукр айтишимиз керак.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бир мусулмонга заҳмат, беморлик, ташвиш, хафалик, азият, ғам етса, ҳатто бир тикан санчилса ҳам, Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўша туфайли ўчиради”, дедилар».
Демак, бизларга етган ҳар қандай қийинчилик ёки мусибат офат эмас, балки неъмат экан. Чунки Аллоҳ таоло синовлар бериш билан гуноҳимизни кечириб, Ўзига яқин бўлишимизни ирода этаркан.
Илҳомжон Мадалиев,
Тошкетдаги “Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби