Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот йўллаш қалбни мунаввар қиладиган, дуолар ижобат бўлиб, кўплаб савоблар битилишига сабаб бўладиган гўзал ибодатдир.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифда бир неча ўринларда Набий (алайҳиссалом)га кўп салавот айтишга тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот айтинг ва салом йўлланг» (Аҳзоб, 56).

Ушбу ояти карима Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрлари қанчалик юксак эканини кўрсатади. Мазкур оятда таъкид билан Аллоҳ таоло Расулига салавот йўллаб туришини эслатиб, биз умматлар ҳам у зотнинг муборак номлари зикр қилинганида доимо “соллаллоҳу алайҳи ва саллам” деб, салавот йўллашимиз лозимлиги айтилмоқда.
Салавот сўзи араб тилидаги “صلاة” ка­ли­маси­нинг кўплиги бўлиб, “дуо, мағфират сўраш” маъноларини билдиради. Шунингдек, намоз ҳам мағфират сўраш бўлгани учун “صلاة” дейилади. Азҳарий (раҳматуллоҳи алайҳ) “солат”нинг “раҳмат” маъноси ҳам борлигини айтади.
Жумҳур уламолар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот йўллаш – зикр, тасбиҳ, ҳамд айтиш каби ибодат. Киши умри мобайнида бир маротаба салавот айтиши вожибдир”, деганлар.
Мўмин киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га доимо кўплаб салавот йўллаб туришга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, бу гўзал ибодат шафоатгўйимизга бўлган муҳаббатнинг ифодасидир. Мўмин киши салавот йўлласа, Аллоҳ таоло зиёдаси билан ажр-савоб бериб, 10 баробар қилиб қайтаради. «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади”. Бошқа бир ривоятда эса У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунида инсонларнинг менга яқинроғи, кўп салавот айтадиганларидир”, деганлар» (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларини айтганда ёки эшитганда ва “Пайғамбаримиз” деб, у зотни назарда тутиб зикр қилинганда ҳам салавот йўллаш лозим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақларида сўзланганда диққат билан тинг­лаб, малолланмай, қанча кўп номлари зикр қилинса, завқу шавқ билан шунча кўп салавот айтиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббат ифодасидир.
Киши ўз имкониятидан келиб чиқиб, маълум миқдорда салавот йўллашни ўзига вазифа қилиб, бу ишида бардавом бўлиши мақталган – мандуб амаллардандир.
Сўзда ёки ёзувда салавотни тарк килиш Расулимиз (алайҳиссалом)га нисбатан одобсизлик ва бахиллик ҳисобланади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти). Яна бир ҳадисда: “Ҳузурида зикр килинганимда менга салавот йўлламаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, дейилади (Имом Термизий ривояти).
Салавот ҳақида буюк саҳобалардан Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот йўлламагунингча, қилган дуоларинг еру осмон орасида тўхтаб туради. Ундан бирортаси қабул бўлмайди” (Имом Термизий ривояти). Уламоларимиз дуо одобларини санаб, “аввал ҳамду сано айтиб, салавот йўллаш ва ҳожатларини сўраб, дуо охирида ҳам салавот ва ҳамду сано айтиб якунлаш дуонинг ижобат бўлишига сабабдир”, деганлар.
Кўп салавот айтиш билан мусибатлар арийди, машаққатлар осонлашиб, қалб хотиржам бўлади. Факиҳоний “Ал фажрул мунир” номли китобларида айтадилар: «Шайх Солиҳ Мусо Зарир: “Кемада денгиз сафарига чиқдим. Бирдан қаттиқ шамол бошланди. Бундай шамолдан кам ҳолатдагина омон қолиш мумкин эди. Одамлар чўкиб кетишдан қўрқиб бақирардилар. Мен эса мудроқ босиб, ухлаб колибман. Тушимда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрдим. У зот: “солати тунажжина”ни охиригача ўқигин ва кемадагиларга ҳам айтгин, уни минг марта ўқишсин”, дедилар. Мен уйғониб, тушимда кўрганларимни кемадагиларга айтдим. Сўнг биз уч юз ёки шунга яқин миқдорда ўқишимиз биланоқ, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­га йўлланган салавот баракотидан Аллоҳ таоло ташвишимизни кетказди”, деганлар».
Демак, ҳар бир уммат Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўпроқ салавот айтишга интилиши керак. Зеро, салавот йўллаш кишидан меҳнат, машаққат ва махсус вақт талаб қилмайдиган енгил ва ажри улуғ ибодат. Салавот айтиш кишининг гуноҳлари кечирилиши, ғам-ташвишлари кетиши, дунё ва охират ҳожатлари битиб, Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак шафоатларидан насибадор бўлишга сабаб бўлади.
 
Манбалар асосида 
Ислом институти талабаси 
Муҳаммад Зариф Дадамирзаев 
тайёрлади.