Мусулмонлар ўртасида ҳанузгача динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар ҳукм суриб келмоқда.   Ана шундай хурофотлардан бири – ирим-сиримдир.  Аллоҳ таоло  ва Расули (акрам) бундай ишлардан қайтаради. Чунки ирим-сирим инсоннинг ақл мезонига тўғри келмайдиган, унинг имонига зарар келтирадиган,  ҳақ йўлдан адаштирадиган ботил амалдир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қилганлар: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар. Бу – ҳасад, бадгумонлик ва иримдур. Бундай нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг” (Абу Яъло ривояти). 

Дарҳақиқат, ирим-сиримнинг тури кўп бўлиб, олдидан мушук ўтгани учун йўлдан қайтиш ёки чоршанба ва жума кунлари касал кўргани бормаслик шулар жумласидандир. Бу каби иримлар кишини ҳақ йўлдан чалғитиб, ҳар хил асоси бўлмаган нарсалар билан ўралашиб қолишга олиб келади. 
Ислом дини ақидасига кўра, ҳар бир нарса тақдирдандир. Баъзилар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. 
Барча жонзотларни Аллоҳнинг Ўзи яратган, яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтирганмиз. Улардан ирим қилиш, бадгумонлик ислом шариати таълимотларидан узоқ. Бу каби амаллар ширк бўлиб, катта гуноҳлардан саналади. Бундай оғир гуноҳдан сақланиш йўлини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси муборакларида бизга кўрсатиб бердилар:
“Ирим қилиш, шумланиш ширк амалидан бўлиб, ирим қилувчилар бизлардан (мўмин-мусулмонлардан) эмас.  Аммо Аллоҳ таоло иримни таваккул амали билан даф қилади (кеткизади)” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “...Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир”, (Талоқ, 3), деб марҳамат қилади.
Мусулмон киши ўз Парвардигорига эътиқод қилган ҳолда имонини мустаҳкамлаши ҳамда уни турли фитналардан, жумладан, шумланиш ва ҳар хил ирим-сиримлар фитнасидан сақламоғи лозим. Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этмоқлик зарур.
 
Нодир ҚОБИЛОВ, 
Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси