Мўмин киши ризқини, ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур бўлган ҳар бир нарсани ҳалол касб қилиб, меҳнати эвазига топиши лозим. Динимиз ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик ва тиланчилик каби иллатларни қоралайди. Ҳалол ризқ топишга амр қилинади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз (Жумъа, 10).
Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб, Аллоҳга йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал-Мабсут” китобидан).
Киши бировга муҳтож бўлмаслик, ўзгага юк бўлмаслик учун меҳнат қиларкан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади. 
Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўрсатган йўли ҳалол меҳнат қилмоқлик. Забийдий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Киши ўз қўл меҳнати билан касб қилиб топганидан яхшироқ ва ҳалолроқ ризқ қозонмаган. Кишининг ўзига, аҳли оиласига, фарзандига ва хизматчисига инфоқ қилган нарсаси ҳам садақа (яъни ажр-савоб)дир” (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳадиси шарифлардан англашиладики, инсон ўзининг ҳожатларини ҳам унутмаган ҳолда оиласининг эҳтиёжларини қондираркан, агар мол-мулкини ўз пешона тери эвазига топган бўлса, бу фақат ҳаёти учунгина эмас, охират учун қозонилган ажр ҳамдир. 
 
Ҳасанбой ЙЎЛДОШЕВ,
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани
"Яккасарой" масжиди имом ноиби