Бутун борлиқни яратган Аллоҳ таоло оиланинг мустаҳкам бўлиши учун эркак ва аёл зиммасига ўзига хос вазифаларни юклади. Агар эр-хотин ана шу вазифаларни сидқидилдан адо этсалар, ҳаётлари фаровон бўлади. Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат қилади: “...Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз...” (Бақара, 187).
Ояти каримадан англашиладики, либос ўз соҳиби учун қандай вазифани адо этса, эр ва хотин  бир-бирларига ҳам шундай бўлиши керак.  
Ота-боболаримизда: “Беайб Парвардигор” деган нақл бор. Эркак ва аёлларнинг ҳам камчилиги бўлиши табиий. Шундай экан, ҳар бир эркагу аёл ўз жуфти ҳалолининг айбларини бегоналардан сақлаши лозим бўлади. 
Қадимдан қолган бир ривоят бор. Унда айтилишича, хотини билан ноиложликдан ажрашаётган кишидан унинг айбини сўрашди. Шунда у: “Бировнинг айбини сўраб нима қиласизлар? Агар у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбини бировларга фош қилган бўламан. Ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини очган бўламан. Униси ҳам, буниси ҳам одобдан эмас!” дея жавоб қайтарди.
Одамлар орасида “инсон” деган номга нолойиқ, ичи тўла иллат бўлганлари ҳам бор. Улар ўзларининг ёвуз мақсади йўлида ҳар қандай бўҳтон ва ёлғон каби жирканчликлардан қайт­май эрга аёли, аёлга эса эри ҳақида ёмон гапларни гапирадиган, оиланинг тотувлигига рахна соладиган, садоқатни гумонга айлантирадиганлар бор. Шу боис эр ва хотин ана шундай одамларнинг иғволаридан бир-бирларини эҳтиёт қилиб яшашлари керак.
Эркак ва аёл жамиятда яшар эканлар, бир-бирларини қавму қариндош, элу юрт олдида хулқу одобларини гўзал қилиб кўрсатишлари лозим.
Яъни эр ва хотин бир-бирлари билан қалбан яқин бўлиб, бир-бирларига садоқатли, вафоли, меҳрибон бўлиб яшашлари зарур. 
Хулосаи калом, барчамиз ўз жуфти ҳалолимизнинг айб­ларини ўзгаларга ошкор қилмасдан, ҳар хил гуноҳ ишлардан қайтариб, ҳаётда учраб турадиган турли бўҳтонлардан ҳимоя қилиб, атрофдаги кишиларга хулқу одобимизни зийнатлаб кўрсатар эканмиз, оиламиз роҳат ва фароғат қасрига айланади, иншоаллоҳ!
 
Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ, 
Андижон шаҳри “Ат-Термизий” 
жоме масжиди имом-хатиби