Бир аъробий: “Эй Аллоҳнинг расули, одамларнинг яхшиси ким?” деди. «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умри узун, амали гўзал бўлган одам”, дедилар (Термизий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда: “Оқарган соч-соқол толасини юлманглар, чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг бир тола соч-соқоли Ислом йўлида оқарса, Аллоҳ унга ўша тола учун бир яхшилик ёзади. Бир ёмонликни ўчиради ва ўша ила унинг даражасини кўтаради"».
Соч-соқоли оқарган инсон гуноҳ қилишдан уялиши керак. Юриш-туришда, ўзаро муомалаларда ёшларга ўрнак бўлишлари, сўзларида донолик ва виқор касб этиши лозим. Ёшлар ҳам кексаларнинг хизматини қилиб, дуоларини олиши зарур. Айниқса, кекса ота-онаси бор кишилар волидаи муҳтарамаларини ҳурмат қилиши лозим. 
Фарзанд бутун меҳрини хокисорлик ила ота-онаси йўлига пояндоз қилса ҳам оздир. Зеро, Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишни ва ота-­онага яхшилик қилишни буюрди: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (Луқмон, 14).
Маълумки, гўзал хулқ-атворлар айнан оила деб аталмиш гўшада, меҳрибон ва мураббий ота-она бағрида шаклланиши шарт. Демак, оилавий муҳит инсон ҳаётининг муҳим палласи бўлиб, одамзоднинг жамиятдаги ўрнини белгилайди. 
Кексаларни  ҳурмат қилишни ўрганган, ота-­онасига одоб изҳор қила олган фарзанд ҳар бир инсонга ҳам гўзал муомала қилади. Шунинг учун ҳам “Ота-онангга раҳмат!” сўзи айтилади. 
 
Абдумутал АТАБОЕВ,
Жиззах вилояти бош имом-хатиби ноиби