Бефойда сўз – инсон гапиргани учун савоб ҳам олмайдиган, гуноҳкор ҳам бўлмайдиган сўздир. Унинг асли зарар бўлмаса ҳам, мўмин кишининг ҳар бир сонияси ғанимат бўлган вақтини зое кетказиши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзига фойдасиз нарсани тарк қилиши киши хулқининг гўзаллигидандир” (Имом Байҳақий ривояти), деганлар. Англашиладики, дунёси ва охиратига фойда бермайдиган сўз ва амалларни тарк қилиш имон мукаммаллигининг аломатидир. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ким сукут сақласа нажот топади” (Имом Табароний ривояти), дейилади.
Машҳур тобеинлардан бири айтади: Мен Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)нинг: «"Бешта нарса мен учун энг яхши туялардан ҳам маҳбуброқ”, деганларини эшитдим: 
 "Биринчидан, сенга фойдасиз бўлган сўзни гапирма. Чунки у ортиқча, сўзласанг гуноҳдан омон бўлмайсан.
Иккинчидан, фойдали сўзни ўрни келмагунича гапирма. Чунки керакли сўзни ўрни бўлмаган жойда гапириб, оғир аҳволга тушиб қолган инсонлар бор. 
Учинчидан: ақлли билан ҳам, ахмоқ билан ҳам тортишма. Чунки бу ишни қилсанг, ақлли киши сени эси паст ҳисоблайди, ахмоқ эса сенга азият беради.
Тўртинчидан, дўстинг йўқлигингда сени нима билан эслашини яхши кўрсанг, уни ҳам ўша билан эсла. У қайси айбингни кечиришини истасанг, сен ҳам унинг ўшандай айбини афв эт. Дўстинг сен билан қандай муомалада бўлишини яхши кўрсанг, сен ҳам унга шундай муомала қил.
Бешинчидан, яхшилигинг билан мукофотланишинг, ёмонлигинг билан жазоланишинг муқаррар эканлигини ёдда тут”». 
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Луқмони ҳаким Довуд (алайҳиссалом)нинг ҳузурига кириб, унинг совут тўқиётганини кўрди. Совутни олдин кўрмаганди. Шу сабаб жуда ажаб­ланиб, бунинг нималигини сўрамоқчи бўлди. Лекин доим амал қилган ҳикмати савол беришдан тўсди. Довуд (алайҳиссалом) ишини тугатиб, ўрнидан турди ва совутни кийиб: “Бу қандай ҳам яхши совут?!” деди. Шунда Луқмон: Албатта, сукут ҳикматлардан биридир, лекин уни қилувчилар оз. Мен сиздан тўқиётган нарсангиз ҳақида сўрашни хоҳлагандим, лекин сукут сақладим, шунда ўзингиз савол беришимга ҳожат қолдирмадингиз” (Имом Байҳақий ривояти), деди. 
Имом Ғаззолий айтади: “Бефойда сўз, сенга фойда ҳам, зарар ҳам кўрсатмайдиган сўзни гапиришингдир. Бунинг мисоли бир қавм билан бирга ўтириб, уларга сафарларинг, кўрган-кечирганларинг ҳақида гапиришингдир. Агар буларни гапирмасанг гуноҳкор ҳам бўлмайсан, зарар ҳам кўрмайсан. Ҳикоянгга зиёда ёки нуқсон, кўрган нарсаларинг билан фахрланиш аралашмаса, бировни ғийбат қилиш ва Аллоҳ таоло яратган нарсаларидан бирини мазаммат қилиш бўлмаса, гуноҳкор бўлмайсан. Лекин вақтингни зое кетказган бўласан. Бировдан сенга фойдасиз нарса ҳақида сўрашинг ҳам шундай. Саволинг билан ўзинг ва дўстинг вақтини бекорга сарфлайсан. Мисол учун бировдан ибодати ҳақида сўраб: “Рўзадормисан?” дейсан. Агар у: “Ҳа” деса, ибодатини ошкор қилади, шунда риё аралашиши мумкин. 
Агар саволга йўқ, деб жавоб берса, ёлғончи бўлади. Жавоб бермаса, мени паст санаяпти, деб азият чекасан. Жавоб бериш учун ҳийла ишлатмоқчи бўлса, қийналиши ва машаққат чекишига тўғри келади. 
Хуллас, саволинг билан уни риёга, ёлғонга,  сени паст санашига ёки машаққатга рўбарў қилдинг” (“Иҳёи улумуд-дин”). 
Шундай экан, бефойда сўздан тийилиш лозим.
“Эй Аллоҳим, мен сендан зикр қилувчи тил ва қўрқувчи қалб сўрайман” деб дуо қилишнинг ҳам фойдаси катта. 
 
Абдул Аҳад СОБИРОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 
“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси