"Кибр" сўзи “ўзини бошқалардан устун қўйиш” деган маънони билдиради. Аллоҳ таолога нисбатан содир этилган гуноҳларнинг биринчиси кибр бўлиб, уни Иблис содир этган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара, 34).

Бошқа бир оятда: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф, 12).

Иблис Аллоҳ таолони ҳеч қачон инкор этмаган. Унинг гуноҳи Аллоҳ таолонинг буйруғига бўйсунмасдан такаббурлик қилганидир.
Имом Ғаззолий: “Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир”, дейди.
Аллоҳ таоло биз бандаларни кибрланишдан қаттиқ қайтаради: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро, 37). Бошқа оятда эса: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас”, (Луқмон, 18) деган. Демак, банда ўз ҳаддини билмоғи лозим. Акс ҳолда, бошига Аллоҳ таолонинг азоби келиши мумкин. 
Гуноҳлар асосан, инсоннинг кибри туфайли содир бўлади. Аллоҳ таолога осий бўлиш, унинг ибодатидан юз ўгиришнинг асосий сабаби ҳам банданинг қалбидаги кибру ҳаводир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қилганлар: “Қалбида зарра мисқолича кибри бўлган кимса жаннатга кирмайди” (Имом Муслим ривояти). Ана шу такаббурлик туфайли шайтони лаин Аллоҳ таолонинг даргоҳидан қувилди, Унинг раҳматидан маҳрум бўлди. Такаббурликнинг энг юқори чўққиси Аллоҳ таолони тан олмасликдир. Фиръавнни худоликни даво қилишга ундаган ҳам унинг кибри эди.
Манманлик қилиб ўзгаларга беписанд муомалада бўлиш, мол-дунё, обрў-эътиборга алданиб кибрланиш оқибатида киши ўз ҳурматини йўқотади.
Манманликнинг зидди бўлган камтарлик эса гўзал инсоний фазилатлардан бири бўлиб, динимиз таълимоти кишиларни шу сифатга эга бўлишга тарғиб қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) марҳамат қиладилар:  “Аллоҳ таоло менга бир-бирингизга нисбатан камтар бўлинг, токи бирон кимса бошқа бировга керилмасин, бирон кимса ўзгага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) барча амаллари билан камтарликнинг буюк намунаси эдилар. У зотнинг: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деган муборак сўзларини ҳаётимизга татбиқ қила олсак, қалбимизда кибр ва манманликка жой қолмайди. 
 
Раҳматилло УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти 
бош имом-хатиби