Маълумки, Қуръон тиловати ибодатларнинг афзали ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматларим қиладиган ибодатларнинг афзали Қуръон тиловатидир” , деганлар (Байҳақий ривояти). 
 
Агар инсон ибодат ва тақводан узоқлашса, унинг қалби занглаши (қорайиши) ҳақида мўътабар китобларда айтилган. Бу борада “Кимёйи саодат” асарида муаллиф ушбу ҳадисни келтирган: “Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Темир занглагани каби инсон қалбига ҳам занг ўтиради”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, у зангни нима билан кетказиш мумкин?” Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон ўқиш ва ўлимни эслаш билан”, деб жавоб берган эканлар (Байҳақий ривояти). 
Имом Ғаззолий Қуръон тиловат қилувчининг одоб­ларига тўхталиб, уларнинг зоҳирийлари олтита эканини таъкидлайди.
 
Биринчи одоби – Қуръонни таҳоратли ҳолда, худди намозда турган каби қиблага қараб ҳурмат ва тавозе билан ўқиш. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Киши Қуръонни намозда туриб ўқиса, ҳар ҳарфига юз ҳасана, ўтириб ўқиса, эллик ҳасана, агар таҳорат билан ўқиса, йигирма беш ҳасана битилади. Агар таҳоратсиз ўқиса, ўн ҳасана битилади (динимиз аҳкомларига кўра, таҳоратсиз ҳолда ёддан ўқишга рухсат берилган),” деганлар.
 
Иккинчи одоби – оҳиста, тажвид ва тартилга риоя қилиб ўқиш.
 
Учинчи одоби – қироат вақтида қалб ором олиши.
 
Тўртинчи одоби – ҳар бир оятнинг ҳаққини адо этиш. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тиловат вақтида азоб оятига етсалар, Аллоҳдан паноҳ сўрар эдилар. Мўминлар учун раҳмат хабари берилган оятга етсалар, дуо қилар эдилар.
 
Бешинчи одоби – тиловат қилувчининг кўнглида риё эҳтимоли ёки яқин жойда намоз ўқиётган кишига халақит берадиган бўлса, оҳиста тиловат қилиш. Чунки Қуръонни оҳиста ўқишнинг савоби жаҳр ўқишдан зиёдароқ бўлади. Агар кўнгли риёдан узоқ бўлса, овозни чиқариб ўқиш ҳам яхшидир. Чунки эшитувчилар ҳам савоб оладилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)нинг оҳиста қироат қилаётганларини кўриб, сабабини сўраганларида, у зот махфий ибодатларни ҳам кўра олувчи (Аллоҳ) учун тиловат қилаётганларини айтган эканлар. Яна бир куни ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)ни баланд овоз билан қироат қилаётганларини кўриб, сабабини сўраганларида, у зот: “Ухлаганларни уйғотиш ва шайтонни қувиш учун”, деб жавоб берган эканлар. Шунда Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иккингиз ҳам яхши қилибсиз”, деган эканлар. Зеро, икковларининг ҳам ниятлари холис эди.  
 
Олтинчи одоби – тиловат қилувчи агар намоздан ташқарида қироат қилса, Қуръонга қараб ўқисин. Чунки Қуръонга қараб ўқишнинг хосияти кўп, савоби улуғдир. 
 
Зикрулло МАҲКАМОВ,
Тошкент шаҳридаги “Ҳасанхон қори” жоме масжиди имом-хатиби